
Жамият
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда болалар орасида Коксаки вируси авж олаётгани ҳақидаги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. ССВ бу хабарлар асоссиз эканини маълум қилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабековнинг билдиришича, мазкур хасталикни келтириб чиқарадиган вирусни дунёнинг исталган жойида учратиш мумкин. Ўзбекистонда ҳам вақти-вақти билан қайд этилади. Коксаки вируси учун махсус даволаш протоколлари мавжуд ва хасталик ҳеч қандай асоратларсиз тўлиқ тузалиб кетади.
“Ҳозиргача Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси қошидаги ҳамда Вирусология илмий-тадқиқот институтининг лабораторияларида Коксаки вируси аниқлангани йўқ. Демак, юртимизда мазкур касалллик кенг миқёсда тарқалди, деган фикрга келиш учун асос мавжуд эмас”, деган Нурмат Отабеков.
Вируснинг бундай номланишининг сабаби — илк бор АҚШнинг Коксаки шаҳрида аниқланган ва у энтеровируслар оиласига мансуб. Унинг 70 дан ортиқ тури бўлиб, асосан, А ҳамда В турлари учрайди.
Касаллик кўпинча болаларда учрайди. Аниқроғи, унга моил аҳоли қатлами 3-10 ёшдаги ўғил-қизлар ҳисобланади. Катталарнинг хасталаниши эса жуда кам кузатиладиган ҳолатдир. Шунинг учун ҳам болаларга хос клиник белгиларни кузатиш мумкин. Яъни касаллик тана ҳароратининг кескин ошиши (39-40 даражагача), бош оғриғи, уйқисизлик, ҳолсизлик билан бошланиб, 2-4 кундан кейин иситма аста-секин пасая бошлайди. Шунингдек, оддий шамоллаш белгилари, ичакдаги баъзи безовталиклар, жумладан, ич кетиши, кўнгил айниши, қайт қилиш кабилар кузатилиши мумкин.
Коксаки вирусига учраганида болаларнинг қўл ва оёғининг олд қисми ҳамда оғзининг шиллиқ қаватида турли тошмалар пайдо бўлади. Баъзи ҳолларда ютинишнинг қийинлашиши, кичик ярачалар пайдо бўлгани учун стоматитга хос томоқда оғриқлар кузатилади. Бу эса иситма кўтарилиши ва иштаҳанинг пасайишига олиб келади.
Баъзан асосий белгиларга қўшимча равишда бош оғриғи, лимфа тугунларнинг катталашиши кабилар ҳам кузатилиши мумкин.
Касаллик, асосан, ёз ойларида болалар очиқ ва умумий чўмилиш сув ҳавзаларидан фойдаланганда ва беморлар билан бевосита мулоқот қилган вақтда юқади. Хасталикнинг яширин даври 2-10 кунгача бўлиб, баъзи ҳолларда 2-5 кун давом этади.
Нурмат Отабеков зинҳор ўзбошимчалик билан беморга бактерия ва вирусга қарши препаратларни бериш керак эмаслигини, сабаби Коксаки вирусига бу дори воситалари умуман таъсир қилмаслигини билдириб ўтди. Агар болада клиник белгилар пайдо бўлиб, улар оғирроқ кечаётган бўлса, у ҳолда тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш ва специфик даволаш чораларини кўриш керак.
Жамият
Жаҳон
Жамият
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ