
Сиёсат
10 июнь куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида Ўзбекистон ва Қатар миллий футбол жамоалари учрашуви бўлиб ўтди. Унда юртимиз вакиллари 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ўзбекистон бу зафардан олдинроқ мундиал йўлланмасини ҳал қилиб қўйганди. 5 июнь куни Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган Ўзбекистон-БАА ўйинида 0:0 натижаси қайд этилди ва бу ўзбекистонликларга жаҳон чемпионати чиптасини нақд қилиш учун етарли бўлди.
Шундай бўлсада, терма жамоамиз охирги ўйинда ҳам ўзини кўрсатиши ва мухлисларга ажойиб совға тақдим қилиши лозим эди. Улар буни уддалади.
Ҳисобни асосий таркибда майдонга тушган ҳужумкор ярим ҳимоячи Азиз Турғунбоев очди. 28-дақиқада у икки рақибини алдаб ўтиб, жарима майдончаси ичига кириб борди ва дарвоза тўсини остимни нишонга олди.
86-дақиқада эса жамоа сардори Элдор Шомуродов ҳисобни йириклаштирди. У Жамшид Искандеровнинг узатмасидан кейин жарима майдончаси ичида тўпни қабул қилиб олди ва Қатар дарвозасини забт этди.
90+1-дақиқада ҳужумчи Игор Сергеев захирадан майдонга тушди ва тўпга биринчи тегинишидаёқ гол урди. Искандеров иккинчи ассистни амалга оширди.
Ушбу учрашувда ўзбекистонлик футболчилар қанчалик ажойиб ўйин кўрсатганини қуйидаги статистикадан ҳам билиш мумкин: Ўзбекистон жамоаси аъзолари рақиб дарвозасига 19 марта зарба берди ва шундан 8 таси дарвоза соҳасига аниқ борди. Қатарликлар эса бор-йўғи бир маротаба зарба йўллади ва у ҳам ноаниқ бўлди. Қолган жабҳаларда ҳам юртдошларимиз мутлақ устунликка эришди.
Қатарликларга қарши ўйин учун шоу ва терма жамоа футболчиларини тақдирлаш маросими режалаштирилган эди. Учрашув олдидан футбол ассоциацияси президенти Баҳодир Қурбонов ва спорт вазири Адҳам Икромов жамоа мутахассисларига медалларни топширди.
Учрашувни шахсан президент Шавкат Мирзиёев, Болгария Президенти Румен Радев ва Словакия Бош вазири Роберт Фитсо ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ҳукумат раҳбарлари стадиондан кузатиб борди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 6 июндаги фармонига мувофиқ, мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи марта жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани, ёш авлодни спортга меҳр ва миллий ғурур руҳида тарбиялашга қўшган ҳиссаси учун футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ва мураббийларидан бир гуруҳи мукофотланганди. Ўйиндан кейин ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлди. Давлат раҳбари спортчилар ва уларнинг мураббийларига фахрий унвон, орден ва медалларни топширди. Шунингдек, терма жамоамиз аъзолари ва мутахассисларига BYD автомобиллари совға қилинди.
Байрамдан сўнг Ислом Тўхтахўжаев ўз автомобилини терма жамоа мундиал йўлланмасига эришишига катта ҳисса қўшган Бобир Абдихолиқовга совға қилди. Шунингдек, Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқишига пойдевор қўйган Сречко Катанес ҳам ўз машинасини таржимон Даврон Аҳмедовга берди.
2026 йилги жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади.
Жамият
Жаҳон
Жамият
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ