
Сиёсат
Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Болгария Республикаси Президенти Румен Радевнинг расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент ахборот хизмати хабар берди.
Унда Ўзбекистон билан Болгария ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Президент Болгария етакчисини самимий қутлаб, сўнгги 17 йилдаги биринчи саммит тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Парламентлар, иқтисодиёт ва ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик фаоллашгани катта мамнуният билан қайд этилди. Гуманитар алмашинувлар амалга оширилмоқда, Бухоро ва Варна, Самарқанд ва Пловдив ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилгани таъкидланди.
Савдони, энг аввало, тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё ва фармацевтика маҳсулотлари, металл буюмлар ва технологик ускуналар етказиб беришни кенгайтириш орқали кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзаро савдонинг ўсишини рағбатлантириш мақсадида пойтахтларда савдо уйлари очиш, лабораторияларни аккредитациядан ўтказиш ва имтиёзли кредит линиялари ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, геология, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва IT, туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш устувор йўналиш сифатида қайд этилди. Самарали ерусти ва ҳаво транспорт йўлакларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, томонлар икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқишга келишиб олди.
Меҳнат ресурслари соҳасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун София шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлигининг ваколатхонасини очиш масаласи кўриб чиқилади.
Гуманитар алоқаларни, шу жумладан академик ва илмий алмашинувларни фаоллаштириш, жорий йилда Андижон шаҳрида етакчи олий таълим муассасалари ректорларининг учрашувини ўтказиш ташаббуслари қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, келгуси йилда Ўзбекистон ва Болгария маданияти ва киноси ҳафталигини ташкил этишга келишиб олинди.
Эришилган келишувлар ижроси устидан тизимли назоратни таъминлаш мақсадида томонлар қўшма "йўл харитаси"ни қабул қилиш ва Ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари даражасини ошириш, унинг ишига ҳудудлар ва йирик компаниялар раҳбарларини жалб қилишга аҳдлашди.
Учрашув якунида Президент Румен Радев Президент Шавкат Мирзиёевни ўзи учун қулай вақтда жавоб ташрифи билан Болгарияга боришга таклиф этди.
Жамият
Жамият
Жамият
Сиёсат
Илм-фан
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ