
Жаҳон
Мўғулистонда бош вазир ўғлининг дабдабали ҳаёти акс этган суратлар ортидан норозиликлар юзага келиб, Лувсаннамсрайна Оюун-Эрдэнэ истеъфога чиқарилди. Коррупция бўлса можаронинг фақат бир қисми, дея хабар беради Медуза нашри.
Ҳукуматга ишонч бўйича овоз бериш натижасига кўра, ҳукумат раҳбари 44 та овоз олган. Парламентда жами депутатлар 126 нафарни ташкил этиши инобатга олинса, вазир лавозимини сақлаб қолиши учун унга камида 64 та овоз керак бўлган.
Бош вазирнинг ҳокимиятдан четлатилишига сабаб — унинг 23 ёшли ўғли Темуулен ҳамда бўлажак келини Угуумур бўлган. Май ойининг ўрталарида Угуумурнинг Instagram саҳифасидан у қиймати 5 минг доллардан юқори бўлган костюмда, 50 минг долларли автомобил бошқарувидаги суратлари тарқалди. Бундан ташқари, суратда Угуумур 5 минг долларлик сумка, қимматбаҳо дўконлардан харид қилинган пакетлар, ҳашаматли узук ва вертолётда сайр қилаётган ҳолатларда тасвирланган. Ҳозир бу суратлар ўчирилган.
Мамлакатда нархлар ошиб бораётган бир пайтда Угуумурнинг бундай суратлари жамоатчиликда кескин норозилик уйғотди ва бу пойтахт Улан-Батор марказидаги Сухе-Батор майдонида, Ҳукумат саройи олдида намойишларга сабаб бўлди. Акция иштирокчилари “Истеъфо — бу оддий нарса” деган шиор билан намойишга чиққан. Нашр қайд этишича, Темууленнинг расмий даромад манбаи йўқ. Намойишчилар унинг ҳашаматли харидларини бош вазир Оюун-Эрдене молиялаштирган, деб ҳисоблайди. Бу эса нафақат бош вазирнинг “халқдан чиққан одам” деган имиджига зид, балки ноқонуний бойлик орттириш бўйича шубҳаларни ҳам кучайтиради.
Оюун-Эрдене унчалик бой бўлмаган оиладан чиққан, бутун фаолияти давлат хизматлари ва партия ишлари билан боғлиқ. Бош вазирлик маоши эса ўғли ва бўлажак келини интернетда кўрсатган ҳаёт тарзини юритишга етмайди.
Сиёсат
Жамият
Илм-фан
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ