
Жамият
“Юксалиш” ҳаракати томонидан аҳоли ўртасида автомобиль йўлларида транспорт воситалари ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш, автомобиль йўллари ва ички йўллар ҳолати бўйича ижтимоий сўров ўтказилди.
Сўровда жами 2743 нафар респондент қатнашиб, уларнинг 46,36 фоизи қишлоқда яшовчилар ва 44,94 фоизини шаҳар аҳолиси ташкил этди.
Сўров иштирокчиларининг 39,24 фоизи ўзи яшайдиган ҳудуддаги автомобиль йўллари пиёдалар учун хавфсиз эмаслигини қайд этган.
38,98 фоиз респондент “ўртача” ва 21 фоиз “хавфсиз” деб баҳолаган.
“Аҳоли пунктларидаги автомобиль йўлларининг пиёдалар кесиб ўтиш жойларида хавфсизлик таъминланганми?” деган саволга 40,99 фоиз респондент “ҳа” деб жавоб берган бўлса, 30,87 фоиз хавфсизлик таъминланмаганини қайд этган.
Хавфсизлик “етарлича эмас” деган жавоб 27,07 фоиз респондент томонидан белгиланган.
Бу рақамлар аҳоли пунктидаги пиёдалар хавфсизлиги билан боғлиқ инфратузилмада камчиликлар борлиги ҳақида хабар бермоқда.
Йўлларни яхшилаш ва хавфсизликни таъминлаш учун, асосан, йўлларни кенгайтириш, сифатли таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳамда йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича таклифлар билдрилган.
Сўров натижалари Ўзбекистондаги автомобиль йўлларининг умумий ҳолати ва пиёдалар хавфсизлиги борасида аҳоли ўртасида жиддий ташвиш мавжудлигини тасдиқлади.
Айниқса, йўллар ҳолатига нисбатан билдирилган салбий фикрлар, пиёдалар учун хавфсизлик даражасининг пастлиги, пиёдалар йўлаклари ва ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай инфратузилманинг етарли эмаслиги бу соҳадаги тизимли муаммоларни очиқ-ойдин намоён қилмоқда.
Мавжуд инфратузилмавий камчиликлар фақат транспорт ҳаракатининг самарадорлигига эмас, балки аҳоли, хусусан, болалар ҳаёти ва саломатлигига ҳам тўғридан-тўғри хавф туғдираётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бугунги кунда одам ўлими билан якунланаётган йўл-транспорт ҳодисалари сонининг ортиши йўлларда аҳоли хавфсизлигини таъминлашда илғор ёндашувлар ва тизимли ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини англатади.
Сиёсат
Жамият
Илм-фан
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ