Халқаро кимё олимпиадасида ўзбекистонлик ўқувчилар якка пешқадамга айланди

Сақлаш
11:29 / 04.06.2025 36 0

Мусобақада умумий ҳисобда 69 та медаль топширилган бўлиб, шундан 19 тасига Ўзбекистон ёшлари эга чиққан.

 

Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 28 май – 3 июнь кунлари Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси ўтказилди.

 

Унда дунёнинг 13 та мамлакати — Саудия Арабистони, Туркия, Озарбайжон, Монголия, Беларус, Ветнам, Россия, Грузия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон давлатларидан келган ҳамда Ўзбекистон вакилларидан иборат жами 115 нафар (28 та жамоа) ўқувчи иштирок этди.

 

 

 

Мусобақада умумий ҳисобда 69 нафар (12 та олтин, 24 та кумуш, 33 та бронза) ўқувчи турли даражалардаги медаллар билан тақдирланган. Шундан 19 таси ўзбекистонлик ўқувчиларга насиб қилган (6 та олтин, 8 та кумуш, 5 та бронза) ва бу билан мазкур халқаро олимпиаданинг якка пешқадамига айланган.

 

 

Маълумот учун, халқаро олимпиаданинг юқори савияда ўтказилишини таъминлаш мақсадида ҳакамлар ҳайъати таркибига Туркия, Саудия Арабистони, Россия, Беларус ва Англия каби хорижий мамлакатлардан халқаро олимпиада соҳасида кўп йиллик тажриба ва юқори салоҳиятга эга эксперт мутахассислар, шунингдек, Ўзбекистондан академик унвонга эга профессорлар жалб қилинган

 

Олимпиада босқичлари 2 турда ташкил этилган:

▪️ 1-тур – амалий (лаборатория) иш шаклида (1 та топшириқ берилган ва максимал 30 балл билан баҳоланган);

 

▪️ 2-тур – ёзма иш (назарий) шаклида (иштирокчиларга 5 та топшириқ берилган ва ҳар бир топшириқ максимал 10 баллдан баҳоланган — жами 50 балл).

 

Эслатиб ўтиш лозим, Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси илк маротаба 2023 йили Хива шаҳрида ўтказилиб, унда 15 та мамлакатдан келган ҳамда Ўзбекистон вакилларидан иборат жами 130 нафардан ортиқ ўқувчи-ёш иштирок этган эди.

 

Ушбу баҳсларда Ўзбекистон вакилларидан умумий ҳисобда 15 нафар иштирокчи (3 та олтин, 8 та кумуш, 4 та медаллар) мусобақанинг турли даражадаги медаллари билан тақдирланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//