Профессор ёшлар ижтимоийлашувига халал берадиган омилларни санади

Сақлаш
14:03 / 03.06.2025 17 0

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти томонидан “Ижтимоий фаолликка таянган тараққиётга эришишнинг маънавий асослари” мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. 

 

 

Мазкур илмий-амалий анжуман ижтимоий фаоллик ва умумжамият манфаатлари уйғунлиги масалалари, жамият тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантириш технологиялари, ижтимоий фаол фуқарони тарбиялашнинг методик асослари, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг ижтимоий фаолиятга таъсири, маънавий идеаллар ва ижтимоий фаоллик масалалари каби илмий муаммолар таҳлилига бағишланди. 

 

 

Конференция шўъбалари ушбу илмий муаммоларга алоқадор беш йўналишда танланган. Анжуманда профессор-ўқитувчилар ва амалиётчи мутахассислар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, докторантлар ва тадқиқотчилар иштирок этди.

 

 

Конференцияда тарих фанлари доктори, профессор Абдухалил Маврулов қуйидаги мулоҳазаларини билдириб ўтди:

 

– Ҳаётимизга турли янгиликлар кириб келмоқда. Бу ислоҳотларни янада кучайтиришимиз учун жамият ижтимоийлашиши керак. Ижтимоийлашишга халақит қиладиган айрим унсурлар бор. Шулардан бири – жамият аъзоси эканимиз эсимиздан чиқиб қолиши. Бу жуда муҳим масала. Агар шахс ижтимоийлашмайдиган бўлса унда жамиятдан аста секин бегоналашув жараёни кучайиб боради. Бунинг натижасида жамиятнинг ижтмоийлашишдан иборат жараёнига халақит қилади. Ижтимоийлашмаган жамиятда жамоавийлик руҳияти ўрнига индивидуалистик қарашлар, қўполлик, дағаллик, агрессивлик сифатлари кучайиб боради.

Ёшларни ижтимоийлашувига халал берадиган нарсалар – 3 та. Биринчиси, айрим ёшлар тафаккуридаги ҳафсаласизлик, иккинчиси, маънавий ҳаётимиздаги мудроқлик, учинчиси, шахсий ҳаётнинг жамият ижтимоий мўлжалларига уйғунлаштиришдаги нўноқлик. Бу ҳолатлар қуйдагиларга олиб келади. 1. Носоғлом маънавий эҳтиёж. 2.  Ҳаётга енгил муносабатда бўлиш. 3. Истеъмолчилик кайфияти. 4. Оломон шахс сифатларининг пайдо бўлиши.

 

 

Анжуманда сўзга чиққан маърузачилар томонидан қўйилган муаммолар ва  таклиф этилган ечимлар, ижтимоий-маънавий муҳит ва тарғибот технологиялари бўйича тажриба алмашинувлар, назарий хулосалар билан амалиётни уйғунлаштириш бўйича таклифлар мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилашга, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва ижтимоий фаолликни оширишга қаратилган. 

 

 

Конференциянинг мунозаралар қисми қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//