Расман: иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги Президент фармони имзоланди

Сақлаш
12:11 / 03.06.2025 50 0

Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўламини кенгайтириш, фуқароларнинг даромадларини изчил ошириб бориш сиёсатини давом эттириш ҳамда уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш мақсадида қарор қабул қилди. Унга кўра:

 

2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари миқдорлари 10 фоизга оширилиши белгиланди. Бунда:

(а) ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 918 000 сўм этиб;

(б) ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори – ойига 1 012 000 сўм этиб;

(в) кам таъминланган оилаларга болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:

(i) 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун – 360 000 сўм, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун – 275 000 сўм;

(ii) оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча – 165 000 сўм;

(iii) оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун қўшимча – 110 000 сўм этиб;

(г) кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори
– 420 000 сўм этиб;

(д) фуқароларга тўланадиган бошқа пенсиялар ва нафақалар миқдорлари иловага мувофиқ белгиланиши қайд этилган.

 

2025 йил 1 августдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади.

 

Базавий миқдорлар:

 

(а) 2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 471 000 сўм этиб;

(б) 2025 йил 1 августдан бошлаб:

(i) меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 1 271 000 сўм;

(ii) базавий ҳисоблаш миқдори – 412 000 сўм этиб белгилансин.

 

Молиявий ресурслар

 

Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақлари, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори оширилиши билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланган.

 

Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

 

Иш берувчиларга иш ҳақи миқдорини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ҳолда тўлашни таъминлаб, иш ҳақи миқдорини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мувофиқ ошириш тавсия этилган.

 

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда ушбу Фармоннинг мақсади, вазифалари ва ундан кутилаётган натижаларни оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин.

 

Фармон ижросини таъминлаш учун масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров белгиланди.

 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов Фармон ижросини муҳокама қилиб боради ва ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб, назорат қилиб боради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//