Ўзбекистонда Ўрмон хўжалигини рақамлаштириш маркази ташкил этилади

Сақлаш
09:42 / 03.06.2025 12 0

Ўзбекистонда Ўрмон хўжалигини рақамлаштириш маркази ташкил этилади. Бу ҳақда Ҳуқуқий ахборот телеграм канали 30 май куни қабул қилинган Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига (ПҚ-197-сон, 30.05.2025 й.) таяниб хабар берди.

 

Қарорда ўрмон фонди ресурсларидан самарали фойдаланишнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланган:

 

- 2030 йилгача 1,5 миллион гектарда ўрмонлар барпо этиш, уларни қайта тиклаш ҳамда 3,8 минг гектар ўрмон фонди ерларида доривор ва озиқ-овқатбоп ҳамда зиравор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш;

- 2030 йилгача 9,2 минг тонна дарахт ва буталар уруғларини тайёрлаш ҳамда 919 миллион дона ниҳол ва кўчатларни етиштириш;

-2025–2026 йилларда тоғ ва тоғолди ҳудудлардаги 500 гектарда “терраса” усулида дарахт ва бута кўчатлари экиш.

 

Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги “Ўрмонтехносервис” давлат унитар корхонаси негизида “Ўрмон хўжалигини рақамлаштириш маркази” давлат муассасаси ташкил этилади.

 

Марказ қуйидагиларни назарда тутувчи “Ақлли ўрмон хўжалиги” (Smart forestry) ахборот платформасининг ягона оператори ҳисобланади:

- ўрмон ресурсларини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш, уларнинг ҳолатини реал вақт режимида мониторинг қилиш;

- ўрмон хўжалиги соҳаси фаолияти замонавий технологиялар, сунъий интеллект ва интеграциялашган ахборот тизимлари орқали самарали бошқарилиши таъминланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//