Тез ёрдам машинасига йўл бермаган ҳайдовчига енгил чора кўрилгани муҳокамаларга сабаб бўлмоқда

Сақлаш
14:51 / 02.06.2025 10 0

Ижтимоий тармоқларда давлат рақами 01 774 ОLА бўлган Lixian L9 автомашинасининг тез ёрдам машинасига йўл бермагани тасвирланган видео тарқалди. Унда тез ёрдам ҳайдовчилари сирена ва овоз кучайтиргич билан бир неча бор Lixian L9 ҳайдовчисини огоҳлантирганини кўриш мумкин. Бироқ, шундай бўлса-да, олдиндаги машина огоҳлантиришга беэътибор бўлган ва тез ёрдам машинасига йўл бермаган.

 

Хабарга кўра, ЙПХ ходимлари томонидан Тошкентда ушбу ҳайдовчига нисбатан МжтКнинг 128-моддаси 5-банди билан баённома расмийлаштирилган.

 

Маълумот учун, мазкур бандда тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчани ёққан ҳолда ҳамда махсус товушли сигнал билан яқинлашиб келаётган транспорт воситалари тўсиқсиз ўтиб кетиши учун транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан халақит бериш назарда тутилган.

 

Бундай қоидабузарлик учун эса БҲМнинг 5 баравари миқдорида – 1 млн 875 минг сўм жарима жазо тайинланиши белгиланган.

 

Маъмурий жавобгарликка тортилган ҳайдовчи «эътиборсизлик қилиб қўйгани, йўл сўралганини кўрмай қолганини» айтиб, узр сўраган.

 

Таъкидланишича, олинган видео тасвирда тез ёрдам машинаси ўнг томондан ўтишга уринганда ҳам ҳайдовчи унга йўл бермаганини кўриш мумкин. Кейинроқ эса ён чироқларини ёққан ҳолда четга ўтган.

 

«Ҳар кимнинг бошида бор бу. Ҳайдовчилардан илтимос қилган бўлардик, сирена билан келаётган махсус автомашиналарга иложи борича йўл беришсин», – дейди тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчиси.

 

Бу ҳолат ижтимоий тармоқ фаолларининг эътиборини тортди.

 

Жумладан, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев ҳайдовчига берилган жазони «майнавозчилик» деб атаган.

 

«Жарима миқдори — 1 млн 875 минг сўм. Агар 15 кун ичида тўласа, 50% чегирма ҳам берамиз, натижада 937 минг сўм тўлайди холос.

 

Бу ўта кулгили! Бир ёки бир неча инсон ҳаётига зомин бўлиши мумкин бўлган бунақа қўпол қоидабузарлик учун бунақа енгил жазо бериш шармандалик.

 

Шармандаликнинг яна бир томони шундаки, рухсатсиз тонировка қилган ҳайдовчига дастлаб 9 млн 375 минг сўм, агар яна такрорланса 15 млн сўм жарима белгилаганмиз. Нима учунлигини биласизми? Чунки тонировкадан тушадиган пулнинг асосий қисми Ички ишлар вазирлигига тушади.

 

Махсус транспорт воситаларига йўл бермаганларга эса такрорийлик учун оғирроқ жазо ҳам йўқ. Яъни ҳар куни шу ишни қайта-қайта қилаверсангиз ҳам, бир хил 900 минг сўм жарима тўлаб, қутилиб кетаверасиз.

 

Ёки бугундан ишга тушган жарима баллари тизимини олайлик. Махсус хизмат машиналарига йўл бермаганлик учун атиги 0,5 (ярим) жарима бали берилади. Рухсатсиз тонировка учун дастлаб 0,5 балл, такрорланса 1 балл берилади.

 

Бунақа жазо тизимини ўйлаб топганларга инсон ҳаёти унча муҳим эмас, ҳисобига тушадиган пул муҳимроқ, шекилли. Инсон қадри? Нима у? Пулдан гапиринглар яхшиси», деб ёзади Худойбердиев ўз саҳифасида.

 

Блогер, шунингдек, қонунчилик ташаббусига эга масъуллардан жазо тизимини инсонпарварлик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишни илтимос қилган.

 

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев эса қоидабузарлик учун жазо муқаррар бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//