
Сиёсат
Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева 28 май куни Россия томонининг таклифига биноан Москва шаҳрида Россия Федерацияси президенти администрацияси раҳбари Антон Вайно билан учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
«Олий даражада эришилган келишувларни мувофиқлаштириш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Келишувлар ижросини мониторинг қилиш бўйича яратилаётган механизм давлатларимиз раҳбарлари томонидан қўйилган вазифаларни ҳал этиш борасида Президент Администрациялари ўртасида ҳамкорликнинг самарали воситасига айланишига ишонч билдирилди», деб ёзди Мирзиёева.
Шунингдек, ўша куннинг ўзида Саида Мирзиёева Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко билан ҳам мулоқот қилди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг асосий йўналишлари муҳокама қилинган. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончли муносабатлар стратегик шериклик ва иттифоқчилигимизнинг мустаҳкам пойдевори эканлиги алоҳида таъкидланган.
Хабарда ёзишича, ёшлар ва кадрлар сиёсати масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва раҳбарларнинг янги авлодини тарбиялаш бўйича тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишдан томонлар манфаатдор экани таъкидланган.
Кейинги учрашув Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Алексей Громов билан бўлди.
Унда асосий эътибор ахборот соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига қаратилган. Жумладан, рақамли маконни тартибга солиш, фейкларга қарши курашиш, масъулиятли журналистика стандартларини илгари суриш, шунингдек, киберхавфсизлик соҳасидаги қўшма қадамлар ҳақида суҳбатлашилган.
Бундан ташқари, меҳнат миграцияси ва маданий дипломатияни ёритиш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
«Ахборот кун тартибида ушбу масалаларга вазмин ёндашув муҳимлиги, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия халқлари ўртасида ўзаро англашув ва ишончни мустаҳкамлаш воситаси сифатида қўшма гуманитар ташаббусларни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди», дейди Мирзиёева.
29 май куни эса Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси Россия Федерацияси Президентининг ёрдамчиси Владимир Мединский билан учрашди. Мулоқотда икки давлат муносабатларининг муҳим йўналишларидан бири бўлган маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.
«Маданият, таълим ва тарихий меросни сақлаш соҳаларидаги қўшма ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди. «Янги Қуддус» музейида ўзбек санъати кўргазмасининг очилиши ва Ўзбекистонда Россия маданияти кунларининг ўтказилиши халқларимиз ўртасидаги юқори даражадаги ишонч ва ўзаро қизиқишнинг ёрқин намунасидир», деб ёзди Мирзиёева учрашув ҳақида.
Маданият
Жамият
Жамият
Сиёсат
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ