Ҳозирги ёшларнинг оила қуришда дуч келаётган фобиялари таҳлил қилинди

Сақлаш
16:56 / 27.05.2025 6 0

Оила ва никоҳга оид фобиялар кўпинча ўзаро муносабатлар, масъулият ва ўзгаришлар билан боғлиқ ноаниқликлардан келиб чиқади.

 

Табиийки, эркаклардан кўра аёллар қўрқувга кўпроқ моил бўлишади. Эҳтимол, ота-оналар қизларини ўғил болаларга нисбатан кўпроқ тобе бўлишга ундашлари бунга сабабдир.

 

Аксарият жамиятда аёлларнинг ҳар қандай нарсадан қўрқишларига одатий ҳол сифатида баҳо берилиши ўғил болаларга нисбатан нозикроқ ва ҳиссиётлироқ эканини билдиради.

 

Ҳозирда ёшларнинг оилавий ҳаётга таъсир кўрсатаётган фобиялари бир нечтага бўлинади.

 

Булар:

▪️ Масъулиятдан қўрқиш — бу, одатда, ўзига бўлган ишончсизлик ва оила қуриш жараёнидаги вазиятларни бошқаришда келиб чиқадиган (яъни масъулиятни зиммасига олиш, фарзанд тарбия қилиш, оила молиясини бошқариш каби) қийинчиликлар билан боғлиқ.

 

▪️ Ажралиш ёки хиёнатдан қўрқиш — бу турдаги фобия ўтмишдаги хиёнат, оилавий ажралиш ёки меҳр-муҳаббатнинг сўниши натижасида ривожланади.

 

Бундай вазиятларнинг қайта такрорланишидан қўриш сабабли инсон оилавий муносабатларни шакллантиришга чўчийди. Баъзилар ота-онасининг ажралишишини кўрганида ўзлари ҳам ўша йўлдан боришдан қўрқади.

 

Жамиятда ажралишнинг салбий кўриниши ва оилавий ҳаётнинг муваффақиятсизлиги ҳақидаги стереотиплар бу қўрқувни кучайтиради.

 

▪️ Бошқа инсонлар билан тил топишишдан қўрқиш — бу ўзаро муносабатлар ва жамиятдаги одамлар билан мулоқотга киришишда ёки ўзини кўрсатишда тўсқинлик қилади.

 

▪️ Ўзига баҳо беришнинг пастлиги — шахснинг ўзига бўлган ишончсизлиги ёки ўз-ўзини паст баҳолаши оила қуришга нисбатан қўрқувни кучайтириши мумкин. Ўзини яхши ҳис қилмаслик, турмушни бошқаришга қобилиятсиз деб ҳис қилиш, ўзини бахтсиз деб ўйлаш фобияларни келтириб чиқаради.

 

▪️ Эмоционал етукликнинг йўқлиги — (эмоционал етуклик – бу, ҳиссиётларни англаш, бошқариш ва тўғри йўл билан ифодалаш қобилиятидир) ҳиссий етукликнинг пастлиги оила ва никоҳга нисбатан қўрқувларни кучайтириши мумкин, чунки бундай инсонлар кўпинча стрессдан чиқиш, конфликтларни ҳал қилиш ва ўз ҳиссиётларини бошқаришда қийналади. Оила қуриш ва ўзаро муносабатларни бошқаришда қийинчиликлар юзага келиши туфайли қўрқув ва хавотир кучаяди.

 

▪️ Мустақиллик ва эркинликни сақлаш истаги — баъзи одамлар оила ва никоҳга киришдан қўрқади, боиси улар мустақилликни сақлашни хоҳлайди. Улар оила ва никоҳни эркинликни йўқотиш, масъулият ва мажбуриятларни орттириш деб ҳисоблайди. Уларда оила қуриш ва фарзанд тарбиясидаги масъулиятлар бундай эркинликни чеклайди деган фобия шаклланади.

 

▪️ Ижтимоий босимлар — жамиятда никоҳга нисбатан мавжуд бўлган қарашлар ва нормативлар баъзида одамларни ўзини тўғри ёки етарлича тайёр ҳис қилишга қарши қўйиши мумкин. Никоҳнинг ижтимоий аҳамиятига доир ўзига хос талаблари айрим ҳолларда босимларга қарши курашиш ва муваффақиятсизликка учраш қўрқувини келтириб чиқариши мумкин.

 

Хулоса қилиб айтганда, оила ва никоҳга тааллуқли фобиялар ўзаро муносабатлар, масъулият ва ҳаётдаги ўзгаришларга тайёрлик билан боғлиқ турли ҳиссий қўрқувларни ифодалайди.

 

Улар эса никоҳга тайёргарлик жараёнида ёки оилавий ҳаёт давомида кишини руҳий қийинчиликларга дучор қилиши мумкин. Фобияларни аниқлаш, уларнинг асосий сабабларини тушуниш ва зарур ҳолларда психологик ёрдам олиш бахтли ва барқарор оила қуришда муҳим роль ўйнайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//