Иш вақтидан ташқари ишлаганларга 1,5 баравар ҳақ тўлаш таклиф қилинди

Сақлаш
10:59 / 27.05.2025 15 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш ва унинг давомийлигини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

 

Таъкидланишича, бугунги кунда иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлигини йилига 120 соатдан ошириш мумкин эмаслиги ҳамда иш вақтидан ташқари иш учун ходимга камида 2 ҳисса миқдорида ҳақ тўлаш белгиланганлиги ушбу механизмнинг иш берувчилар ўртасида кенг оммалашмаганига сабаб бўлмоқда.

 

Мазкур қонун лойиҳаси билан эса Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш ва унинг давомийлигини соддалаштиришга доир ўзгартиришлар киритилмоқда.

 

Хусусан, иш вақтидан ташқари ишга ходимни жалб этиш йилига 120 соатдан ошмаслиги кераклиги ҳақидаги норма Меҳнат кодексидан чиқариб юборилмоқда. Шунингдек, иш вақтидан ташқари ишнинг бир кунда дастлабки икки соати учун камида бир ярим ҳисса миқдорида, икки соатдан ортиқ қисми учун эса камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши белгиланмоқда.

 

«Бунда меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда иш вақтидан ташқари ишга жалб этилганда ҳар бир соати учун камида икки ҳисса миқдорда ҳақ тўланиш назарда тутилмоқда», дейилади хабарда.

 

Муҳокама сўнгида қонун лойиҳаси юзасидан фракция аъзолари томонидан тавсиялар билдирилиб, лойиҳа қўллаб-қувватланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//