Ўзбекистонлик ёш астрофизик қора туйнукларни ўрганишда илғор дастурий воситани таклиф қилди

Сақлаш
13:10 / 25.05.2025 3 0

Самарқандлик ёш астрофизик Темурбек Мирзаев  23 май куни Хитойнинг энг нуфузли университетларидан бири — Shanghai Fudan университетида PhD диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди

 

Унинг диссертация мавзуси «Рентген нурлари ва қора туйнуклар: ZIJI модели асосида янги ёндашув» бўлиб, унда айтилган фикрлар замонавий астрофизика учун ютуқ бўлиши мумкин.

 

 

Мирзаев таклиф қилаётган илғор дастурий восита қора туйнук атрофидаги аккреция дисклари ва тож (corona) геометриясини моделлаштириб, қайтувчи рентген нурланиш таъсирларини ҳисобга олади.

 

Ёш олимнинг ZIJI модели қайтувчи нурланишни аниқ ҳисоблаш, аккреция диски + тож моделини қўллаш, ҳақиқий спектр асосида ионланиш даражасини аниқлаш, ҳар бир радиал координатада энергия балансини аниқлик билан таҳлил қилиш каби асосий имкониятларга эга.

 

Хабарда ёзилишича, ZIJI номи XV асрда яшаган буюк ўзбек астрономи, математиги ва ҳукмдори Мирзо Улуғбекнинг «Зижи Жадиди Кўрагоний»дек ажойиб меросидан илҳомланган ҳолда танлаб олинган.

 

«Улуғбек юлдузларнинг жойлашувини аниқлаган бўлса, Темурбек қора туйнуклар атрофидаги нурланишни аниқлашда замонавий илм-фанга ҳисса қўшмоқда», дейилади хабарда.

 

Маълумот учун, Темурбек Мирзаев Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Бобомурод Аҳмедов ва профессор Аҳмаджон Абдужабборовнинг шогирди ҳисобланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//