
Жамият
Хабарингиз бор, бугун республика бўйлаб «Сўнги қўнғироқ» тадбирлари давом этмоқда. Шунингдек, кўпгина давлат ташкилотлари раҳбарлари битирувчиларга ўз табрикларини йўлламоқда. Жумладан, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова умумтаълим ташкилотларини тамомлаётган ўқувчиларнинг барчасига омад тилади.
«Бугун чалинадиган сўнгги қўнғироқ садолари бир умрга юрагингиздан жой олишига ишонаман. Унинг жарангдор садолари ҳамиша беғубор ёшлик ва ўқувчилик даврингизни йодга солиб туриши шубҳасиз.
Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, давомли муваффақиятлар тилаб қоламан, азиз битирувчи ёшлар!» деб ёзиб қолдирди Умарова ўз Telegram саҳифасида.
Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов битирувчиларга ўз табригини изҳор қилди:
«Юракларингизда шод-у хуррамлик, кўзларингизда буюк орзулар мужассам бўлган шу дақиқаларда барчангизни таълим олишдаги муҳим босқич – мактабни муваффақиятли якунлаётганингиз билан самимий муборакбод этаман.»
Шунингдек, вазир жорий йил битирувчиларининг ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди:
«Сиз – Янги Ўзбекистонни барпо этаётган авлодсиз! Шу боис ҳар бирингизда ватанпарварлик туйғулари, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси ва катта масъулият бўлиши даркор. Таълим давомида орттирган билим ва кўникмаларингиз, эзгу ният ва юксак мақсадларингиз билан Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишингизга ишончим комил.
Сизларга куч-ғайрат, бардавом омад, тинимсиз изланиш ва орзу-мақсадларингиз сари қатъият билан интилиш тилайман. Олдиндаги йўлингиз муваффақиятли бўлсин!»
Бундан ташқари, Ёшлари ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев ҳам битирувчиларни бугунги байрам билан қутлади ва уларга ака сифатида бир қанча ҳаётий тавсиялар берди:
«1. Оила ва муносабатлар:
Чинакам бахт — атрофингизда меҳрли одамлар бўлса пайдо бўлади. Оилангиз, дўстларингиз, устозларингиз ва жамиятингиз билан бўлган алоқаларингизни қадрланг. Муҳаббат ва ҳурмат асосида муносабатлар қуришга интилинг. Яхши инсоннинг энг катта бойлиги — унинг гўзал хулқидир.
2. Касб ва фаолият:
Орзуларингизга эргашинг, билим ва маҳоратингизни доим ошириб боринг, "шунчаки" ишламанг. Касбингиз сизнинг қизиқишларингиз ва қадриятларингиз билан уйғун бўлсин. Баъзан йўл мураккаб бўлиши мумкин — лекин бу йўлни танлаб ҳар ҳолда ўзга инсоннинг ҳаётини яшамайсиз.
3. Соғлик:
Соғлигингиз — ҳаётингизнинг пойдевори. Ҳар куни танангиз ва руҳингиз учун фойдали одатларни танланг: жисмоний фаоллик, соғлом овқатланиш, етарли уйқу. Ўзингизга ғамхўрлик қилмасангиз, бошқа ҳеч нарсага кучингиз етмайди.
4. Шахсий ривожланиш:
Билим изланг, янги нарсаларни ўрганинг, ўзингизни синанг. Китоблар, тажрибалар, сафарлар ва мулоқотлар сизни янада кучлироқ қилади. Ортиқча дабдабадан воз кечинг, илм ўрганиш оддийликни, соддаликни яхши кўради. Сармоянгизни тўғри йўналтиринг.
5. Бошқаларга фойда келтириш:
Бу дунёга нафақат олиш, балки бериш учун ҳам келганмиз. Билимингиз, вақтингиз, ёки юрагингиз билан бошқаларга ёрдам беринг. Сиз ҳаёти ўзгаришига сабабчи бўлган инсонлар — ҳақиқий меросингиз бўлади.
Фақат муваффақиятга эмас, мазмунли ҳаётга интилинг.»
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов ҳам йўллаган табриги билан бирга ёшларга ўз маслаҳатларини бериб ўтди.
«Азиз укаларим, қадрли сингилларим мен ҳам бундан 23 йил аввал шу ҳаяжонларни ҳис қилган эдим. Ўшандан то ҳозирги пайтгача чиқарган хулосаларимни жамлаб, сизларга айрим маслаҳатлар бермоқчиман:
🔹КАТТА МАҚСАД ҚЎЙИНГ. Катта йўлга чиқмоқдасиз, мақсадни катта, ҳаракатларингизни шиддатли қилинг!
🔹Нима иш қилсангиз ҳам доим шижоат, ғайрат билан интилинг! Тўсиқлардан, хато қилишдан қўрқманг! Фақат вақтида хулоса чиқаришни унутманг!
🔹Ҳар бир ютуқ ортида катта қалбли яқин инсонларингиз: ота-она, оилангиз туришини унутманг. Уларни қадрланг, ишончларини оқланг!
🔹Танлаган касбингизни аввало, севинг, ундан завқ, бахт топа олишингизга ишонинг. Чунки қайсидир соҳа фақат пул топиш манбаи эмас, инсонни ўз имкониятларини кўрсатадиган, ҳаракатларига мазмун берадиган кучдир ҳам.
🔹Тинмай ўз устингизда ишланг. Ҳам жисмонан ҳам руҳан кучли бўлишга интилинг, бу йўлда дангасалик қилманг.
🔹Ҳаммага: оила, яқинлар, дўстлар, жамият ва Ватанга наф келтиришга интилинг. Бу наф аслида сизга кўпроқ завқ, ҳаётий мазмун, бахт беради!
Энг муҳими, ҳаётий қадриятларингизда мустаҳкам туринг!
Синфдош-дўстлардан узоқлашманг! Балки, 25 май санасини ҳар йили ўзаро йиғилиш, билим-тажриба алмашиш куни ҳам қиларсизлар!
Бу йўлда сизларга омад-муваффақият, соғлик тилаб қоламан!»
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Алишер Уббиев ўз тилакларини билдирар экан, қуйидагича ёзади:
«Бугун сиз ҳаётингиздаги энг муҳим босқичлардан бирини – мактаб таълимини муваффақиятли якунлаб, мустақил ҳаёт сари дадил қадам қўяётганингиз билан чин юракдан табриклайман!
«Сўнги қўнғироқ» садолари — сизнинг сабоқларга бой болалик йилларингизга, покиза орзулар ила тўлган ўқувчилик даврингизга, меҳрибон устозларингиз, садоқатли дўстларингиз билан кечган унутилмас хотираларингизга якундек туйилиши мумкин.
Аммо бу садолар мустақил ҳаёт сари одим ташлаётган қадамларингизнинг жаранги ҳисобланади. Сиз энди катта ҳаёт сари дадил қадам қўяётган, орзулари улкан, нигоҳи ўткир, юраги Ватанга муҳаббат, садоқат ҳислари билан тўлган ёшларсиз! Сизни бугунги қувончли ва ҳаяжонли кун билан чин юракдан муборакбод этаман!»
Уббиев табриги давомида жорий йилда Президент, ижод, спорт ва ихтисослаштирилган мактабларни 8025 нафар йигит-қиз тамомлаётганини маълум қилди.
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳам қуйидагича тилакларни ёзиб қолдирди:
«Азиз болалар, ўз кучингиз ва қобилиятингизга ишончни асло йўқотманг!
Мана бугунга қадар ҳам қанча ютуқларга эришдингиз, ундан-да юксак ғалабаларга муносибсиз!
Имкониятлар излашдан тўхтаманг!
Янги таассуротлар, ҳаётий вазиятларга тайёр туринг.
Сизни янги-янги ғоялар, режалар кутмоқда.
Айнан шу тариқа ўз йўлингизни топасиз!
Биз Сизнинг кучингиз ва салоҳиятингизга ишонамиз, йўлингизда ҳамиша қўллаймиз».
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ