“Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказишда ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва ҳарбий хизматчилар ҳам жалб этилади

Сақлаш
11:59 / 23.05.2025 7 0

24 май куни ўтказиладиган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларига хавфсизликни таъминлаш мақсадида жами 27 мингдан ортиқ ИИВ, Миллий гвардия, ФВВ ходимлари ва ҳарбий хизматчилари бириктирилади.

 

Тадбир ўтказиладиган таълим муассасалари тегишли мутасадди идоралар ходимлари томонидан тўлиқ текширувдан ўтказилиб, қўриқлаш пультига уланган. Видеокузатув камералари эса ҳудудий ИИОнинг ситуацион марказларига интеграция қилинган.

 

Бундан ташқари, мактабларда ўқув йили якунланиши муносабати билан ёшлар хиёбонлар ва истироҳат боғларига ҳордиқ чиқариш учун келишлари кутилмоқда. Ушбу жойларда ҳам хавфсизликни таъминлашга жами 5 мингдан ортиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва ҳарбий хизматчилар хизматга бириктирилган.

 

Ҳудудлардаги бевосита йўл четида жойлашган мактаблар олдида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ЙПХ инспекторлари кучайтирилган тартибда хизмат олиб боради.

 

Мактабларнинг жойлашган жойига қараб транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланади. Шу куни имкон қадар барчага жамоат транспортида ҳаракатланишлари тавсия этилади.

 

Барча ота-оналар ва катталардан битирувчиларнинг ярим тунгача истироҳат боғларида юришлари, спиртли ичимлик, тамаки маҳсулотлари ва тақиқланган моддаларни истеъмол қилишлари, кўчаларда гуруҳ-гуруҳ бўлиб кортежларда юришлари, автомашина, скутер, самокатларни олиб бошқаришлари, анҳор, канал ва чўмилиш ҳавзаларида сузишлари, ўзларининг ёнларида тиғли кесувчи, санчувчи ҳамда бошқа инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган буюмларни олиб юришларига йўл қўймасликлари сўралмоқда.

 

Маълумот учун, 24 май куни соат 08:00 дан 10:00 га қадар “Сўнгги қўнғироқ” байрам тадбирлари республикада фаолият олиб бораётган 10 мингдан ортиқ муассасада мактаб ўқувчилари, ота-оналар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида кенг нишонланиши белгиланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//