
Жамият
Дин ишлари бўйича қўмита Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлигидан хабарнома келиб тушганини маълум қилди.
Унда рухсатномасиз ҳаж амалларини бажаришга ҳаракат қилиш тегишли тартибда жавобгарликка тортилишса сабаб бўлиши айтилади.
Шунингдек, хабарномага Саудия Ички ишлар вазирлигининг махсус баёноти ҳам илова қилинган.
Белгиланган тартибга мувофиқ Ҳаж амалларини бажариш учун зиёратчида «Ҳаж-2025» визаси бўлиши шарт.
Саудия Арабистони ҳукумати қолган барча турдаги визалар — умра, туризм, бизнес, зиёрат ва бошқалар билан ҳаж тадбирини амалга оширишга қатъий йўл қўймайди.
Таъкидланишича, тушунтириш ва огоҳлантиришларга қарамай, ҳозирда айрим турфирмалар ва учинчи давлатлар орқали ўзбекистонликларни ҳаж зиёратига жўнатишга ҳаракатлар кузатилмоқда.
Қўмита Саудия ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан амалга оширилаётган рейдлар натижасида ноқонуний равишда Ҳаж ибодатини амалга оширишга уринган шахсларга нисбатан жазо чоралари қўлланилишини ва мамлакатдан депорт қилинишини яна бир карра эслатиб ўтди.
Хусусан, ноқонуний йўллар билан ҳаж амалларини бажармоқчи бўлганларга 20 мингдан 100 минг Саудия риёлигача (қарийб 68 млн сўмдан 344 млн сўмгача) молиявий жарималар қўлланилади.
Шунингдек, фуқарони Саудиядан депортация қилиш ҳамда кейинги 10 йил давомида Подшоҳликка кириши тақиқланганлар рўйхатига киритилиши белгиланган.
Маълумот учун, Ҳаж тадбири Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади ҳамда бундай фаолият билан бошқа ташкилотларнинг шуғулланишига йўл қўйилмайди.
«Шундай экан, юртдошларимизни турли алдов йўллари билан ҳажга олиб боришни ваъда қилаётган фирибгарларга ишонмасликка чақирамиз!» дейилади қўмита хабарида.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ