
Жамият
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларида йўлга қўйилган қайта алоқа тизимларининг самарадорлик даражаси, шунингдек, ишонч телефонлари фаолиятининг сифати «Қайта алоқанинг сирли мижози» тадбири орқали ўрганилди.
Жорий йилнинг 13–16 май кунлари ўтказилган назорат жараёнида агентлик томонидан 104 та давлат органлари ва ташкилотларининг бу борадаги фаолияти масофавий мониторинг қилинган.
Хабарга кўра, қатор вазирлик ва идоралар, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг расмий веб-сайтларда эълон қилинган идоравий алоқа (ишонч телефонлари) рақамлари орқали бир неча бор боғланишга ҳаракат қилинганда қўнғироқлар жавобсиз қолдирилган.
Ўрмон хўжалиги агентлиги, Божхона қўмитаси ишонч телефонлари эса ишчи ҳолатда эмаслиги аниқланган. Ҳолат юзасидан масъуллар билан боғланиб, бартараф этиш чоралари кўрилган.
Шунингдек, ўрганиш даврида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ва Ёшлар ишлари агентлигининг расмий веб-сайтда эълон қилинган идоравий алоқа марказлари (ишонч телефонлари) рақамлари ишчи ҳолатда эмаслиги маълум бўлган.
Қайд этилган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида бу каби ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш чораларини кўриш бўйича ушбу вазирлик ва идораларга тақдимнома киритилган.
«Бундай тадбирлар орқали қайта алоқа тизимининг самарадорлиги даражаси телефон қўнғироқларга ўз вақтида жавоб берилиши, алоқа рақамлари орқали ариза, таклиф ва шикоятлар қолдириш имконияти яратилганлиги, шунингдек, мурожаат этувчиларга реал вақт режимида ўзлари масъул бўлган соҳага оид тушунтириш ва юридик маслаҳатлар бериш механизми жорий этилганлиги баҳоланади», дейилади агентлик хабарида.
Ёзилишича, давлат органлари ва ташкилотларидаги қайта алоқа тизимларининг самарадорлик даражасини ўрганиш ишлари давом эттирилади.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ