Айрим шифокорларнинг маоши 20 фоизга оширилади

Сақлаш
10:12 / 22.05.2025 6 0

Президент фармони билан аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги тизимини жорий этишнинг асосий мақсадлари белгиланди.

 

Булар:

▪️ халқаро тажрибага асосланган аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги моделини жорий қилиш;

 

▪️ аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда оилавий шифокор улушини 70 фоизга етказиш;

 

▪️ соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш ҳамда тиббиётда қоғозбозликни камайтириш орқали тиббиёт ходимлари иш юкламасини 30 фоизгача камайтириш;

 

2025 йил 1 июлдан мазкур Фармонда белгиланган туман (шаҳар)ларда, 2026 йил 1 январдан Самарқанд вилоятининг барча туман (шаҳар)ларида тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий қилинади.

 

Тажриба-синов лойиҳаси доирасида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари негизида туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ташкил этилади.

 

Фармонга кўра, энди оилавий поликлиникаларда тиббиёт ходимлари фақат тўлиқ ставкада фаолият юритади.

 

Шунингдек, оилавий поликлиникалар, оилавий шифокор пунктлари, шу жумладан, уларга филиал сифатида бириктирилган муассасалар ҳамда маҳалла тиббиёт пунктлари бириктирилган аҳоли сонидан келиб чиқиб, юридик мақомга эга оилавий поликлиникаларга ҳамда уларнинг филиалларига айлантирилади.

 

Аҳолига эса оилавий шифокорни эркин танлаш ҳуқуқи берилади.

 

Шунингдек, тиббиёт бригадасига 3 минг нафар, зарур ҳолларда, белгиланган меъёрларга қўшимча аҳоли бириктирилиши мумкин. Бунда 2030 йилга қадар 1 тиббиёт бригадасига кўпи билан 1,7 минг нафар аҳоли бириктирилиши стратегик мақсад этиб белгиланади.

 

Оилавий поликлиникадан 10 километрдан узоқ масофада жойлашган маҳаллаларда яшовчи аҳоли учун ҳам тиббиёт ходимларининг сайёр тиббий хизмати йўлга қўйилади.

 

Бундан ташқари, тажриба-синов лойиҳаси доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимлари базавий тариф ставкаларига қуйидаги миқдорларда қўшимча устамалар тўланади:

▪️ сайёр тиббий хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходимларига ойлик лавозим маоши ёки базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида;

 

▪️ тиббиёт бригадасига белгиланган меъёрлардан 10 фоиз ортиқча қўшимча бириктирилган аҳолининг ҳар бири учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,3 фоизи миқдорида – шаҳарларда, 0,5 фоизи миқдорида – туманларда;

 

▪️ оила саломатлиги бўйича махсус ўқув дастури асосида ташкил этиладиган курсларнинг барча босқичларини муваффақиятли тугатган тиббиёт ходимлари учун сертификатга мувофиқ базавий тариф ставкасининг 100 фоизи миқдорида.

 

Шу билан бирга, туман (шаҳар) марказий шифохоналарида ишловчи шифокорларнинг ойлик лавозим маошлари – 20 фоизга, ўрта тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маошлари эса 10 фоизга оширилади.

 

Оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) марказий шифохоналарининг тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) асосида ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда устама жорий этилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//