
Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Президент сўз бошида саммит иштирокчилари билан Шарқ ва Ғарб ўртасида мустаҳкам кўприк бўлиб келаётган гўзал Будапешт шаҳрида учрашиб турганимиздан беҳад мамнун эканини билдириб, ўз ҳамкасбларига, қатнашчиларга ва делегация раҳбарларига қуйидагича мурожаат қилди:
"Муҳтарам ҳамкасблар!
Бугунги саммитимиз шиддат билан ўзгараётган глобал вазият ва олдиндан айтиб бўлмайдиган мураккаб жараёнлар шароитида ўтмоқда. Геосиёсий ва геоиқтисодий зиддиятлар, минтақавий низолар ва иқлим ўзгариши оқибатларининг кучайиши барчамиз учун катта синов бўлмоқда.
Шу сабабли долзарб муаммолар ечими бўйича давлатларимизнинг умумий ёндашув ва позицияларини кучайтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир" – дея энг оғриқли муаммоларга халқаро ҳуқуқ меъёрлари, БМТ Низоми асосида ечим топиш зарур, деб ҳисоблашимизни таъкидлади.
Прездент шунингдек, Украина атрофидаги вазиятни дипломатия ва музокаралар йўли билан ҳал этишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирди ва бу борадаги муносиб ҳиссаси учун Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғанни алоҳида эътироф этди.
Шавкат Мирзиёев Ғазода сулҳ битимининг бузилиши ва ҳарбий ҳаракатларнинг қайтадан бошланиши барчамизни чуқур ташвишга солаётганини айтиб ўтди:
"Токи “Икки халқ учун – икки давлат” тамойили рўёбга чиқмас экан, Фаластин-Исроил низосининг адолатли ечимини топиш мумкин эмас. Глобал ва минтақавий хавфсизлик ҳақида сўз юритар эканмиз, Афғонистондаги мураккаб вазиятни инобатга олишимиз ва унга биргаликда ечим топишимиз лозим. Афғонистон бўйича қўшма баёнот қабул қилинаётгани тузилмамизнинг бу масалага жиддий эътибор қаратиб келаётганидан далолат беради" – дейди Мирзиёев.
Президент қисқа вақт мобайнида Туркий давлатлар ташкилоти доирасида амалий ҳамкорлик бўйича самарали натижаларга эришилаётганини тахкидлаб, нутқини тадбир иштирокчиларига қарата давом эттирди.
Иқтисодий таҳлил марказларининг Тошкентда бўлиб ўтган анжуманида алоқаларни кенгайтириш учун улкан салоҳият борлиги яна бир бор ўз тасдиғини топганини айтди ва кун тартибидан келиб чиқиб, ўз таклифларини билдирди:
"Хабарингиз бор, ўтган йили “Туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ҳамда қардошлик тўғрисида”ги битимни ишлаб чиқиш таклифини илгари сурган эдик. Бугунги кунда ушбу ҳужжатнинг аҳамияти ва долзарблиги янада ортиб бормоқда. Ҳеч шубҳасиз, мазкур битим халқларимизни янада яқинлаштириш ва кўп қиррали ҳамкорлигимизнинг узоқ муддатли ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу ҳужжатни Боку саммитида имзолашни таклиф қиламан" – деди Мирзиёев.
Президент яқин йилларда ўзаро савдо улушини кескин кўпайтириш лозимлигини таъкидлади. Шу мақсадда “Турк-трейд” онлайн платформасини яратиш ва Савдони ошириш амалий дастурини қабул қилиш ташаббусларини илгари сурди.
Ўзбекистон давлат раҳбари шунингдек, Транскаспий халқаро йўлаги орқали юк ташиш ҳажмини ошириш ва божхона-чегара тартибларини соддалаштириш учун “ягона дарча” ҳамда “яшил коридорлар” тизимларини тезроқ йўлга қўйишга чақираман. Ушбу йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ноябрь ойида Тошкентда Туркий давлатларнинг Халқаро мультимодал транспорт ва логистика форумини ўтказишни режалаштирилганини қайд этиб ўтди.
Туркий инвестиция жамғармасининг фаолияти сармоялар оқимининг фаоллашувига туртки беришига шубҳа йўқлиги таъкидланди.
"Биз инновацион лойиҳаларни рағбатлантириш учун қўшма венчур компаниясини ташкил этиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Бу борада мамлакатларимизнинг инвестиция имкониятларини тўлиқ акс эттирган “Ягона инвестиция портали”ни жорий этиш мақсадга мувофиқдир" дея Президент навбатдаги ташаббусини илгари сурди.
Cаноат кооперацияси соҳасида амалий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш вақти келганини таъкидлаб, бу борада кимё, энергетика, тоғ-кон, енгил саноат, фармацевтика, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва қурилиш соҳаларида салмоқли ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича Саноат кооперацияси дастурини ишлаб чиқишни таклиф этилди.
Президент Виктор Орбан Жаноби Олийларининг ташаббуси билан Будапештда Ташкилотимизнинг Қурғоқчиликнинг олдини олиш институти ўз ишини бошлаганини ҳам мамнуният билан эътироф этди. Мазкур институт фаолиятига кўмаклашиш ва мақсадли лойиҳаларга кенгроқ жалб этиш учун “Қурғоқчилик ва экологик муаммоларнинг олдини олиш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишни таклиф этди.
Жаҳон илм-фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган, барчамизнинг фахр-ифтихоримиз бўлган буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тараннум этиш биз учун шарафли ва масъулиятли вазифа экани таъкидланиб, илм-фанни ривожлантириш ва ёш авлод учун таълим имкониятларини кенгайтириш ниятида “Туркий дунё хартияси”да “Илмдан ўзга нажот йўқ” деган юксак ахлоқий ғояни муҳрлаб қўйилгани айтилди.
Қайд этилишича, бу йўлда Тошкентда Туркий давлатлар халқаро университети очилмоқда. Мазкур ўқув даргоҳида туркий давлатларнинг етук профессор ва олимлари фаолият олиб бориши кўзда тутилган. Бу эса ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтиришга, уларнинг замонавий билимларни эгаллашига муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди Президент.
Шавкат Мирзиёев шунингдек, делегация аъзоларига ҳам юзланди:
"Ўтган йили Ўзбекистоннинг Туркий маданият ва мерос жамғармасига расман аъзо бўлиб кириш ҳақидаги қарорини эълон қилган эдик. Ушбу тузилма доирасида умумтуркий маданий меросимизни асраб-авайлаш ва уни келгуси авлодларга безавол етказиш олдимизда турган муҳим вазифадир. Бу соҳадаги мулоқотни кенгайтириш мақсадида Жамғарма Кенгашининг навбатдаги йиғилишини мамлакатимизда ўтказишни таклиф қиламан.
Давлатларимиз ўртасидаги маданий ҳамкорликни ривожлантиришда Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ алоҳида ўринга эга. Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимизни янги босқичга олиб чиқиш ва ТУРКСОЙнинг нуфузини янада ошириш учун унинг фаолияти ва тузилмасини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблайман. Шу мақсадда ташқи ишлар ва маданият вазирларимизга Боку саммитига қадар тегишли таклифлар ишлаб чиқиш вазифасини топширсак, тўғри бўлади, деб ўйлайман".
Сиёсат
Илм-фан
Илм-фан
Сиёсат
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ