
Жамият
5 май куни кечқурун Тошкентнинг Яккасарой туманидаги «Ракат» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Бўрижар каналига етти-саккиз ёшлардаги бир қиз тушиб кетган. Маълум бўлишича, у дугоналари билан ўйнаб юрган чоғида канал четига яқинлашиб, оёқларини ҳўллаб олмоқчи бўлган.
Оқим қизчани канал марказига оқизиб кетган. Дугонасига ёрдам бермоқчи бўлган бошқа қиз ҳам сувга сакраган. Оқим уни ҳам оқизган ва канал қирғоғи бўйлаб пастга тортиб кетган.
Шундан сўнг болалар ёрдамга чақира бошлаган.
Хабарда ёзилишича, шу маҳаллада яшовчи Даря Грапиненкова болаларнинг овозини биринчи бўлиб эшитган ва ёрдамга шошилган. Қизлардан бирини хода ёрдамида тортиб олган.
Қуйи оқимга тушиб кетган иккинчи қизчани эса шу маҳаллада яшовчи Абдуманноп Самиқов кўриб қолган ва «Бола чўкяпти» деб бақирган.
«Аввалига қўрқиб кетдик — укам сувга тушиб кетди, деган хаёлга бордик. Лекин у уйнинг орқасида, ҳовлида ўйнаб юрганди. Биз дадамга бу ҳақда айтдик, лекин у каналда бола чўкиб кетяпти, деб бақираверди. Мен яқинроқ бордим ва сувда бир қизчани кўрдим, у чўкиб кетаётганди. Дадам яланг оёқ қияликдан пастга сакраб тушди ва дарҳол сувга шўнғиди», дея ҳикоя қилади унинг ўғли Саидакбар Абдувалиев.
Абдуманноп Самиқов қизчани ушлаб олишга улгурган, бироқ қирғоққа яқинлашаркан, тирмашиб чиқолмаган, қўли билан тутиб олишга ҳеч нарса топилмаган. Оёқ остидаги бетон сирпанчиқ бўлган. Саидакбар отасининг олдига югуриб бориб, қўлидаги таёқни узатган, лекин етолмаган. Шунда эркак арқон олиб келишни буюриб, қизчани маҳкам ушлаб тураверган.
Бироқ Саидакбар отасининг дармонсизланиб, оқимга бас келолмаётганини сезган. Ўсмир арқонни олиб келишга улгурмаслигини тушуниб, ўзи каналга сакраган.
«Дадам қизчани менга тутқазиб, нафас олиш учун сувдан бошини чиқардида, яна сувга шўнғиди ва ғойиб бўлди. Бу уни охирги кўришим эди», — дейди Саидакбар.
«Уйдан югуриб чиқаётганимда, эрим ва ўғлимни оқим олиб кетаётганини кўрдим. Улар бир лаҳзада шунчаки кўздан ғойиб бўлишди. Ўғлимни сувдан чиқаришгач, ҳаммадан эрим қаердалигини сўрай бошладим. Менга уни ҳеч ким кўрмаганини айтишди. Ўғлим дадаси чўкиб кетган бўлиши мумкинлигини айтди. Оёғим остидан ер қочгандек бўлди, умидсизлик билан ён-атрофдагиларни ёрдамга чақира бошладим», дейди марҳумнинг турмуш ўртоғи Сурайё Маҳкамова.
Воқеа жойига участка нозири етиб келган. У тез ёрдам ва ФВВга хабар берган.
Шундан сўнг Абдуманноп Самиқовни қидириш бошланган. Соат 23:00 атрофида эркакнинг жасади 16-шаҳар шифохонасининг орқа томонида (собиқ Пионер кўчаси, ҳозирги Арнасой кўчаси ҳудудида) — тахминан 4 км масофада топилгани ҳақида хабар келган.
Марҳум 43 ёшда бўлган.
Маълумот учун, канал қирғоғининг бир қисмида 2024 йил кузидан бери пиёда сайр қилиш ҳудуди барпо этиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Таъкидланишича, қурилиш жараёнидаги хавфсизлик қоидаларига беписандлик ушбу фожиага сабаб бўлган.
Газета.уз расмийлардан изоҳ сўраганини, улар эса изоҳ беришдан бош тортаётганини ёзмоқда.
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ