ОТМ талабаларига форма жорий этилмайди – Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

Сақлаш
22:33 / 17.05.2025 8 0

Талабаларга форма жорий этилмайди, деб хабар берди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ахборот хизмати.

 

Вазирлик ижтимоий тармоқларда тарқалган гўёки барча университет ва институт талабалари учун ягона «талаба формаси» жорий этилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга расмий муносабат билдириб, улар ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва нотўғри талқин этилаётганини маълум қилди.

 

Қайд этилишича, тарқалган хабарларда асос қилиб келтирилаётган ҳужжат – Вазирлар Маҳкамасининг муҳокамадаги қарор лойиҳаси илоти брендини яратиш тўғрисидаги низом» саналади. Унда ҳар бир олий таълим ташкилотининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи бренд ва имиж концепциясини шакллантиришга хизмат қилиши назарда тутилган.

 

 

Низом лойиҳасида талабалар учун ягона форма жорий этилиши ёки мажбурий тартибда талаб этилишига доир ҳеч қандай норма мавжуд эмас.

 

Аксинча, олий таълим муассасалари ўзининг тарихи, вазифаси, маданий қадриятлари ва ҳудудий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, ўзига хос корпоратив услуб ва рамзларини ишлаб чиқиш ҳуқуқига эга. Бунга таълим ташкилотларининг индивидуал имижини шакллантиришга қаратилган ташаббус сифатида қаралиши лозим. Шу билан бирга, эстетик, гигиеник ёки ташқи кўринишга оид тавсиялар фақат ихтиёрий характерга эга бўлиб, уларни жорий этиш ёки қўллашнинг амалий жиҳатлари ҳар бир таълим муассасасининг ички қарорларига боғлиқ. Яъни, мазкур Низом лойиҳаси доирасида махсус форма жорий этиш ёки уни мажбурий тартибда талаб қилиш умуман назарда тутилмаган.

 

Шу билан бирга, корпоратив услуб ва бренд элементлари (логотип, ранг схемаси ва ҳ.лар) шакллантириш ташаббуси университетларни нафақат маҳаллий, балки халқаро майдонда ҳам самарали тарғиб этиш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланган. Бу каби ёндашув дунё тажрибасида ҳам таълим муассасаларининг маркетинг стратегиясининг муҳим қисми сифатида қаралади.

 

Ахборот матнида шунингдек, олий таълим ташкилотларида ҳар бир талабанинг шахс сифатидаги эркинлиги ва ҳуқуқлари Конституция ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилиниши ҳам қайд этилиб, барча ахборот манбаларини масъулият билан ёритишга чақирган ва расмий маълумотларга таяниб ҳаракат қилишни тавсия этган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//