
Жамият
2025 йил май ойида «Юксалиш» ҳаракати «Тошкент боғларини қандай яхшилаш мумкин? Шаҳар аҳолиси фикри» мавзусида сўровнома ўтказди.
Бундан мақсад – боғлар ва яшил ҳудудлар борасида шаҳар аҳолиси эҳтиёжлари ва кутилмаларини ўрганиш ҳамда бу ҳудудларда зарур ўзгаришлар бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Ҳисоботда Тошкентдаги боғлар ва яшил ҳудудлар ҳақидаги жамоатчилик фикри, улар қайси мақсадларга хизмат қилаётгани ва яхшилаш бўйича истаклар таҳлил қилинган.
Сўров қуйидаги йўналишларни қамраб олган:
▪️ боғларга ҳар қанча муддатда ташриф буюрилиши;
▪️ аҳолининг мамнунлик даражаси;
▪️ мавжуд муаммолар;
▪️ янги ёки янгиланган боғларда аҳоли кўришни истаган жиҳатлар;
▪️ қўшимча боғларга бўлган эҳтиёж ва уларни яхшилаш бўйича таклифлар.
Сўровда 18 ёшдан 60+ ёшгача бўлган турли ёшдаги 403 нафар фуқаро иштирок этган бўлиб, уларнинг 56,3 фоизини аёллар, 43,3 фоизини эркаклар ташкил қилган.
Респондентлар Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Чилонзор, Олмазор, Яккасарой, Шайхонтоҳур, Сергели, Бектемир, Янгиҳаёт/Яшнобод ва Учтепа каби туманларидан бўлиб, бу сўровнинг кенг географик қамровга эга бўлганини кўрсатади.
Таҳлилга кўра, сўровномада қатнашганларнинг катта қисми ойда бир марта истироҳат боғларига боришини маълум қилган. Шунингдек, ҳафтасига ташриф буюрувчиларнинг сони ҳам анчагина.
Маълум бўлишича, «Ташкент Cитй Парк» ушбу манзиллар орасида энг кўп овоз тўплаган.
Сўровномада энг кўп овоз тўплаган пойтахтдаги кўнгилочар жойлар ва уларга ташриф буюрувчиларнинг ҳажми қуйида кўрсатилган:
1. «Ташкент Cитй Парк» – 35 фоиз;
2. Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғи (Дреам Парк) – 31,2 фоиз;
3. «Магиc Cитй» – 29,7фоиз;
4. «Кўк гумбазлар» бульвари – 23,9 фоиз;
5. «Анҳор-Локомотив» истироҳат боғи – 23,2 фоиз;
6. Япон боғи – 22,4 фоиз;
7. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги марказий экопарк – 20,9 фоиз;
8. Улуғбек номидаги марказий парк – 19 фоиз;
9. «Дўстлик» боғи (собиқ Бобур боғи) – 15,9 фоиз;
10. «Янги Ўзбекистон» боғи – 14,4 фоиз;
11. Навоий номидаги миллий парк – 13,9 фоиз;
12. Ашхобод боғи – 12,8 фоиз;
13. «Локомотив» боғи – 12,1 фоиз;
14. «Ғалаба боғи» – 9,6 фоиз;
15. Фурқат номидаги боғ – 7,6 фоиз.
Бундан ташқари, дам олиш жойлари қаторида Ботаника боғи, «Ривер» боғи, Абдулла Қодирий номидаги боғ, «Қуёшча нури» боғи (Бектемир тумани), «Янги Сергели» боғи, Адиблар хиёбони, Амир Темур хиёбони ҳам санаб ўтилган.
Кейинги саволда респондентлардан Тошкентдаги боғлар ҳолатидан мамнунлик даражаси ҳақида фикр сўралган.
Сўров натижаларига кўра, энг кўп овозни «Умуман олганда мамнунман, лекин камчиликлар бор» деган жавоб олган – 57,7 фоиз. Бу респондентларнинг боғларга нисбатан ижобий муносабатда эканлиги, аммо эҳтиёжлар тўла қониқтирилмаётганини кўрсатади.
Респондентларнинг салмоқли улуши (30,9 фоиз) жиддий муаммолар мавжудлигини таъкидлади. 7,6 фоиз иштирокчи эса мавжуд боғлардаги ҳолатдан умуман қониқмаслигини, 3,8 фоиз респондент бўлса боғлардан тўлиқ мамнун эканини билдирган.
Боғлардаги мавжуд муаммолар орасида қуйидагилар энг кўп қайд этилган:
▪️ Яшиллик ва соя-салқин жойларнинг етишмаслиги – 73,9 фоиз (Бу деярли барча жавобларда энг кўп тилга олинган муаммо саналади);
▪️ Скамейкалар ва соябонлар етарли эмас – 66,3 фоиз;
▪️ Чиқиндилар ва гигиена муаммолари – 45,8 фоиз;
▪️ Шовқин ва бетартиблик (кўпинча баланд мусиқа ва аттракционлар билан боғлиқ) – 36,2 фоиз;
▪️ Ногиронлар учун шароитлар йўқлиги – 37,5 фоиз.
Шу билан бирга, қуйидаги камчиликлар ҳам эслатиб ўтилган:
▪️ Болалар ва спорт майдончаларининг етишмаслиги;
▪️ Нархлар баландлиги;
▪️ Ёритиш ва қўриқлаш тизимининг йўқлиги;
▪️ Бепул ўйин майдончалари етишмаслиги;
▪️ Чиқинди қутиларининг йўқлиги ва бошқалар.
Респондентларнинг асосий истаги бу — «Яшил ҳудудларнинг кўпроқ бўлиши». Бу бевосита энг муҳим муаммо ечими ҳисобланиб, 87,2 фоиз респондент шу жавобни белгилаган.
Иштирокчилар қуйидаги хоҳишларни ҳам қайд этган:
➖ «Очиқ осмон остидаги кутубхоналар / ўқиш бурчаклари» – 53,1 фоиз;
➖ «Ижодий зоналар / мастер-класслар» – 44,3 фоиз.
Сўровномага кўра, аҳолида бир қатор қулайлик ва ҳудудларга эҳтиёж борлиги ҳам аниқланган:
▪️ Оилавий дам олиш учун ҳудудлар;
▪️ Велойўлаклар ва югуриш йўлакчалари;
▪️ Этномайдонлар (маданий-этнографик зоналар);
▪️ Маданий тадбирлар;
▪️ Спорт (теннис, баскетбол, волейбол) майдончалари;
▪️ Фавворалар, сув объектлари, ариқлар;
▪️ Экологик талабга мос пикник зоналари;
▪️ Йога ва медитация учун жойлар;
▪️ Тоза ҳожатхоналар;
▪️ Чиқинди учун махсус қутилар;
▪️ Болалар учун бепул ўйин майдончалари.
Аҳолининг яшаш жойи яқинида қўшимча боғ керакми деган саволга кўпчилик «Ҳа» деб жавоб берган. Бу эса шаҳар бўйлаб боғларга эҳтиёж юқори эканлигини кўрсатади. Айниқса Яшнобод, Сергели ва Қумариқ (3-аэропорт яқинида) ҳудудларида бу масала алоҳида таъкидланган.
Тадқиқотдан келиб чиққан асосий хулосалар қуйидагича:
➖ Яшиллик ва сояга эҳтиёж жуда юқори – бу респондентлар томонидан энг кўп қайд этилган муаммо.
➖ «Табиий» боғларга талаб катта – одамлар аттракционларга тўла савдо масканлари эмас, тинч, яшил дам олиш жойларини маъқул кўради.
➖ Асосий инфратузилмани яхшилаш зарур – скамейкалар, соябонлар, тоза ҳожатхоналар, чиқинди қутилари, пиёда йўлакчаларини кўпайтириш керак.
➖ Боғлар ҳам жисмонан, ҳам молиявий жиҳатдан барча учун очиқ бўлиши лозим.
➖ Янги боғлар керак – кўп туманларда яшил ҳудудлар етишмайди, аҳолининг бу борадаги эҳтиёжи яққол кўзга ташланмоқда.
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ