Ўзбекистондаги биноларнинг зилзила ва бошқа табиий офатларга бардошлилиги янги амалиёт бўйича текширилади

Сақлаш
12:17 / 14.05.2025 4 0

13 май куни Шавкат Мирзиёев сейсмик хавфсизликни кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларига оид таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

 

Хабарда қайд этилишича, қурилишнинг асосларидан бири бўлган сейсмология соҳасида хорижий илмий марказлар билан ҳамкорлик қилиб, инновацион технологияларни татбиқ этишга эътибор қаратилмоқда.

 

Маълумки, 1966 йил 26 апрелда Тошкент шаҳрида вайронкор зилзила содир бўлган. Ўзбекистон Президенти зилзила қурбонларига ҳурмат кўрсатиш ва бу борада халқаро ҳамкорлик зарурлигини эслатиш мақсадида хотира ва бирдамлик кунини таъсис этиш ташаббусини илгари сурган. Унинг қўллаб-қувватланиши сифатида БМТ Бош Ассамблеяси 29 апрелни Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни, деб эълон қилиш тўғрисида резолюция қабул қилди.

 

Бу борада халқаро стандартларга мос бўлиш учун Президент янги қурилаётган уйларнинг сифатига эътиборни кучайтириш вазифасини қўйган.

 

Унга мувофиқ, давлат лойиҳа институтлари мутахассислари иштирокида жойларда ўрганишлар ўтказилди. Ўрганиш натижалари ва ҳудудларнинг сейсмик ҳолати таҳлили асосида бу тизимни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

 

Унга кўра, хорижий мутахассислар жалб қилинган ҳолда, биноларни ўрганиш бўйича янги амалиёт йўлга қўйилади. Зилзилага ва бошқа табиий офатларга бардошли уйларни қуриш бўйича тажриба алмашиш кенгайтирилади. Бинолар инструментал техник текширувдан ўтказилиб, камчиликлар бартараф этилади.

 

Ушбу ўрганишлар ва хорижий тажриба асосида, сейсмик хавфни, таъсирни ва хатарни баҳолаш юзасидан меъёрий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилади.

 

Шавкат Мирзиёев қурилишда сифат ва хавфсизлик биринчи ўринда эканини таъкидлаб, бу йўналишларни илмий ривожлантириш, соҳага замонавий ёндашувларни жорий этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//