
Жамият
Президент фармони билан 2025 йил 15 майдан «Камбағал оилалар реестри»га киритилган ва ушбу реестрга тушиш хавфи бўлган оилалар «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга тақсимланади ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари уларнинг тоифасига қараб кўрсатилади.
Бунда «қизил» тоифага оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган ва қуйидаги мезонларнинг бирига жавоб берадиган оилалар киритилади:
▪️ аъзоларининг камида 1 нафари соғлиғининг ҳолатига кўра меҳнат қилиш имкониятига эга бўлмаган;
▪️ парваришга муҳтож аъзоси, шу жумладан, ногиронлиги мавжуд фарзанди бўлган;
▪️ ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ёки ёлғиз кекса ёхуд ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсдан иборат бўлган;
▪️ боқувчисини йўқотган ёки боқувчиси жазони ижро этиш муассасасида бўлган оила.
«Сариқ» тоифага эса оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган ҳамда аъзолари соғлиғи ҳолатига кўра меҳнат қилиш имкониятига эга бўлган оилалар киритилади.
Шунингдек, «яшил» тоифадан оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг 1 бараваридан 1,5 бараваригача бўлган ва қуйидаги мезонларнинг бирига жавоб берадиган оилалар жой олади:
▪️ оила «қизил» ёки «сариқ» тоифадан чиқарилган бўлса;
▪️ оиланинг Камбағал оилалар реестрига киритилиши эҳтимоли юқори бўлса.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 июндан қуйидагилар амалга оширилади:
➖ «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»даги оилалар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар «Камбағал оилалар реестри»даги оилаларга ҳам татбиқ этилади (2026 йил 1 январдан эса фақат «Камбағал оилалар реестри»га киритилган оилаларга кўрсатилади);
➖ давлат хизматларидан фойдаланиш учун бож, йиғим ва бошқа тўловларни тўлашда «сариқ» тоифага киритилган оилаларга 50 фоиз, «қизил» тоифага киритилган оилаларга эса 75 фоиз миқдорида чегирмалар қўлланилади;
➖ камбағал оилалар «қизил» ёки «сариқ» тоифадан «яшил» тоифага ўтганда улар учун қонунчиликда назарда тутилган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кейинги 12 ой муддатга сақлаб қолинади;
➖ «қизил» тоифага киритилган оилаларга белгиланган пассив даромад келтирувчи қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади.
Ушбу реестрига киритилган оилаларнинг аъзоларига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар оилалар камбағал деб эътироф этилгани тўғрисидаги маълумотлар ёки шахснинг камбағал деб эътироф этилган оиланинг аъзоси экани ҳақидаги маълумотнома асосида кўрсатилади.
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ