Томорқасидан самарали фойдаланмаганлар айрим имтиёзлардан маҳрум этилади

Сақлаш
15:33 / 12.05.2025 9 0

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, «маҳалла еттилиги» томорқа эгалари ва ижара асосида ер майдонлари олган аҳоли билан учрашади ва аҳолига юқори даромадли экинлар экиш бўйича ишлаб чиқилган тавсияларни, кооперативларга аъзо бўлиб ишлаш имкониятлари, уруғлик ва кўчатлар ҳамда минерал ўғитлар билан таъминлаш (етакчи тадбиркор орқали, банк кредити ёки ўз маблағи ҳисобидан сотиб олиш) ва етиштирилган маҳсулотларни сотиш шартларини тушунтиради.

 

Шунингдек, «еттилик» мини-трактор ва мотокултиватор олган аҳолини аниқлаб, улардан кичик гуруҳлар шакллантиради ва хонадонлар талабига кўра, томорқаларни экинга тайёрлайди. Томорқа эгалари ва деҳқон хўжаликлари билан учрашув якунларига кўра, улар экиладиган экин турлари бўйича таклифларни (тасдиқлаш учун) маҳалла фуқаролар йиғини кенгашига киритади.

 

«Маҳалла еттилиги» аҳоли томорқаси ва ижарага берилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича ҳар чоракда ўрганиш олиб боради.

 

«Еттилик» хулосасига асосан аҳоли томорқалари ва ижарага олинган ер майдонларига экин экмаган ёки самарасиз фойдаланаётган шахсларга нисбатан қуйидаги таъсирчан чоралар кўрилади:

▪️ Бундай фуқароларга имтиёзли кредитлар ажратилмайди;

 

▪️«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган фуқаролар учун назарда тутилган имтиёзлар тўхтатилади;

 

▪️ «Онлайн маҳалла» электрон платформаси маълумотлари асосида экин экилмаганлиги аниқланган йил учун ер солиғи ставкаси уч карра миқдорида ҳисобланади.

 

Маълумот учун, «маҳалла еттилиги» — маҳалла фуқаролари йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим, солиқ инспекторидан иборат жамоа.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//