Интернет фойдаланувчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Сақлаш
11:23 / 12.05.2025 11 0

«Онлайн платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

 

Таъкидланишича, бугунги кунда онлайн платформалар фойдаланувчилари қандай ҳуқуқларга эгалиги борасида қонунчиликда аниқ нормалар мавжуд эмаслиги, ахборот тарқатишга оид талаблар эса миллий қонунчиликда тизимли ва етарли даражада тартибга солинмагани, тарқоқ ҳолда белгилангани мазкур ҳужжат қабул қилинишига сабаб бўлган.

 

Ушбу жараёнда Интернет фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ривожланган давлатлар ижобий амалиёти ўрганилган. Жумладан, Европа Иттифоқи «Рақамли хизматлар тўғрисида»ги қонуни орқали онлайн платформалар учун юқори стандартларни жорий этган. Германияда эса 2 млн нафардан ортиқ фойдаланувчига эга платформаларга ноқонуний контентни 24 соат ичида ўчириш мажбурияти юкланган. Франция интернетда нафрат, терроризм ва болалар порнографиясига қарши қатъий чоралар кўришни, Туркия хорижий ИТ компанияларга маҳаллий вакил тайинлашни талаб этган. Қозоғистон блогерлар ва платформалар фаолиятини тартибга солишга қаратилган ҳуқуқий асосни шакллантирган.

 

Ўзбекистондаги «Онлайн-платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам Интернет фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш заруратидан келиб чиқиб, турли давлат ва жамоат ташкилотлари, медиа соҳаси экспертлари иштирокида ишлаб чиқилди.

 

Унда онлайн-платформалар соҳасидаги амалдаги қонунчилик сезиларли либераллаштирилиб, тартибга солишдаги мавжуд бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган нормалар назарда тутилмоқда.

 

Қонун лойиҳасининг асосий мақсадлари ва принциплари қуйидагича:

 

▪️ қонунийлик – онлайн муҳитдаги барча фаолият қонун доирасида амалга оширилади;

 

▪️ фойдаланувчилар ҳуқуқларининг устуворлиги – фойдаланувчиларнинг маълумот олиш, фикр билдириш ва хавфсиз интернетдан фойдаланиш ҳуқуқлари таъминланади;

 

▪️ цензурага йўл қўйилмаслиги – қонун билан тақиқланмаган контентга нисбатан эркинлик кафолатланади;

 

▪️ шаффофлик ва хавфсизлик – ноқонуний контентнинг тарқалишига қарши курашилади ва шахсий маълумотларнинг хавфсизлиги таъминланади.

 

Хабарга кўра, қонун лойиҳаси давлат рўйхатидан ўтказилган оммавий ахборот воситаларининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтларига нисбатан татбиқ этилмайди. Уларнинг фаолияти «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинган.

 

Аммо ҳужжатда ваколатли орган билан тизимли равишда ҳамкорлик қилмай келаётган онлайн-платформаларга Ўзбекистон ҳудудида кириш тезлигини суд қарори асосида пасайтириш назарда тутилмоқда. Бутунлай блоклаш амалиётидан воз кечилмоқда.

 

Бундан ташқари, Қонун лойиҳасида онлайн-платформа ва веб-сайтлардаги кибержиноятчиликка қарши курашиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, амалдаги қонунчиликдаги блогерларга мажбурият сифатида кўрсатилган, бажариши қийин бўлган нормалар қайта кўриб чиқилган.

 

Шунингдек, қонун лойиҳасига билан аноним профилларга, канал ва гуруҳларга қарши курашишнинг замонавий ечими таклиф этилмоқда.

 

Муҳим жиҳатлардан бири эса фишинг ва спам ресурслар ҳам ноқонуний ахборот (контент) жумласига киритилмоқда.

 

Жамоатчилик муҳокамаси 27 майга қадар давом этади.

 

Маълумот учун, 2017/2025 йилларда Ўзбекистонда Интернет фойдаланувчилари сони 14,7 млн нафардан 32,7 млн нафарга ошган. Энг оммабоп платформалар орасида ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг сони:

▪️ «Telegram»да 28 млн нафар;

▪️ «Odnoklassniki»да 19,2 млн нафар;

▪️ «Facebook»да 2,3 млн нафар;

▪️ «VKontakte»да 1,5 млн нафар;

▪️ «LinkedIn»да 850 минг нафар;

▪️ «Twitter»да 250 минг нафар.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//