53 йил олдин космосга учирилган аппаратнинг Ўзбекистонга қулаш эҳтимоли таҳлил қилинди

Сақлаш
11:46 / 07.05.2025 14 0

Ижтимоий тармоқларда бундан 53 йил олдин «Венера-8» миссияси доирасида учирилган «Космос-482» сайёралараро космик аппаратнинг ерга қулаши билан боғлиқ хабарлар кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

 

Бир қатор манбалар унинг геолокацияси Осиё ёки Марказий Осиё давлатлари ҳудудига тўғри келиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

 

Uzcosmos агентлиги бўлим бошлиғи Аҳрор Агзамов ҳақиқатдан ҳам собиқ Совет Иттифоқининг «Венера» дастури бўйича «Космос-482» сайёралараро космик аппарати фазога учирилгани(1972 йил 31 март куни), ракета-ташувчининг якуний босқичи муваффақиятсиз ишлаши оқибатида у Ер орбитасида қолиб кетганини тасдиқлади.

 

Мутахассиснинг сўзларига кўра, тахминий ҳисоб-китоблар аппаратнинг ерга қулаши 9-11 май кунларига тўғри келиши мумкинлиги кўрсатмоқда.

 

«Космос-482»нинг аниқ қаерга қулашини айтиш бироз мушкул. Унинг Ўзбекистон ҳудудига тушишининг эҳтимоли эса ҳозирча 0,3-0,5% оралиғида баҳоланмоқда», дейди у.

 

Таъкидланишича, аппаратнинг катта қисми атмосферага кириши билан ёниб кетсада, Венеранинг оғир шароитларида қўниш ва ишлаш учун мўлжалланган ярим тоннага (500 кг) яқин массали титан шари алоҳида хавф туғдиради. Бу компонент ер атмосферасига киришда омон қолади ва бутунлай қулаб тушади.

 

«Парашют борлигига қарамай, коинотда 53 йил бўлганидан кейин у ишламаслиги мумкин. Ерга урилиш тезлиги эса соатига 500 км.гача етиши кутилмоқда», дейди агентлик бўлим бошлиғи.

 

Бўлаклар топилган тақдирда, бу ҳақда зудлик билан расмийларга хабар бериш ва ҳеч қандай ҳолатда аппарат қолдиқлари билан алоқада бўлмаслик тавсия этилади, чунки улар таркибида хавфли кимёвий моддалар бўлиши мумкин.

 

Маълумот учун, собиқ Тошкент машинасозлик конструкторлик бюроси мазкур «Венера» дастурининг сўнгги босқичларида муносиб иштирок этган. У «Венера-13 ва 14» (1982) ва «Вега-1 ва 2» (1985) аппаратлари учун грунт олиш ва бурғилаш қурилмаларини лойиҳалаштирган ва ишлаб чиқарган. Уларни синовдан ўтказиш эса Тошкент вилоятидаги Невич қишлоғида жойлашган синов марказида амалга оширилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//