Президент таълим сифатини таъминлашга доир фармонни имзолади. Энг муҳим ўзгаришлар

Сақлаш
09:29 / 07.05.2025 11 0

Президент фармони билан Президент Администрацияси ҳузурида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги фаолияти йўлга қўйилади.

 

«Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази» лойиҳа офиси негизида ташкил этилаётган агентлик 62 штат бирлигидан иборат бўлади. Яъни бунда лойиҳа офиси ёпилади ва унинг ўрнига агентлик очилади.

 

Янги идора мустақил давлат бошқарув органи ҳисобланади ва таълимда сифат назоратини амалга оширади. Бунинг учун у таълим ташкилотларини махсус ва комплекс давлат аккредитациясидан ўтказади ҳамда уларнинг рейтингини юритади. Бироқ у нодавлат таълим ташкилотлари учун лицензия бериш ҳуқуқига эга бўлмайди. Лицензия бериш ҳуқуқи аввалгидек Олий таълим вазирлиги зиммасида қолади.

 

Бундан ташқари, Миллий малака тизимини ривожлантириш институти ҳам ушбу агентлик тизимига ўтказилади.

 

Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори Президент томонидан тайинланади ва озод қилинади. Унинг мақоми Президент маслаҳатчиси ўринбосарига тенглаштирилади.

 

Фармонда келтирилишича, агентлик таълим ташкилотлари битирувчиларининг замонавий меҳнат бозори талабларига мослигини ўрганиш мақсадида Умуммиллий иш берувчилар сўровномасини ўтказади.

 

Шунингдек, Президентнинг эълон қилинган ушбу фармонида 2025/2026-ўқув йилидан бошлаб таълимнинг сиртқи шаклига қабул тугатилиши белгиланди. Бу шуни англатадики, жорий йилда бошланадиган қабул жараёнларида сиртқи таълим шакли учун квота берилмайди.

 

Бу талаб давлат олийгоҳлари учун ҳам, нодавлат (хусусий) олийгоҳлар учун ҳам бирдек амал қилади. Уларнинг ҳеч бири сиртқига ҳужжат қабул қилмайди.

 

Бундай тартиб ҳозирда сиртқи таълим шаклида ўқиётганларга тааллуқли эмас. Улар таълим жараёнини сиртқи шаклида давом эттираверади.

 

Ҳужжатга биноан, сиртқи шаклининг ўрнига (кундузги таълимдан бошқа) муқобил таълим шакллари бўйича қабул квоталари босқичма-босқич ошириб борилади.

 

Таъкидланишича, мақбуллаштирилган кундузги таълим шакли (парт-тиме эдуcатион) бўйича ўқитишга ҳам рухсат берилади.

 

Олийгоҳларда муқобил таълим шакллари бўйича умумий қабул квотасини кундузги таълим шакли қабул натижасининг 50 фоизидан оширишга йўл қўйилмайди. Яъни кундузгига 100 киши қабул қилинса, муқобил таълим шаклига 50 кишидан ортиқ талаба олишга рухсат берилмайди.

 

Магистратура босқичида муқобил таълим шаклида ўқитишга йўлга қўйилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//