Бойсундаги конда юз берган ҳолат бўйича расмий изоҳ берилди

Сақлаш
15:00 / 05.05.2025 6 0

Фото: Daryo

 

Ижтимоий тармоқларда Бойсундаги конда яна газ отилгани тасвирланган видеолар тарқалди.

 

Энергетика вазирлигининг берган изоҳига кўра, ҳолат бугун, 5 май куни, соат тонгги 6:10 да «Мустақиллик-25» конидаги 202-қудуқда кузатилган.

 

Унда таркибида водород сулфиди юқори бўлган газ катта босим билан отилиб чиққан ва натижада фонтанланиш ҳолати қайталанган.

 

Таъкидланишича, таркибида водород сулфиди юқори бўлган газ тарқалишининг олдини олиш мақсадида газ оқими назорат остида ёқиб юборилган.

 

Айни пайтда барча зарур тадбирлар хавфсизлик чораларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда.

 

«Ҳодиса содир бўлган ҳудуд тегишли хизматлар томонидан ўраб қўйилган ва ҳозирги вақтда ушбу ҳудуд Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси ҳамда Очиқ нефть ва газ фаввораларининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми мутахассислари томонидан доимий назорат қилинмоқда», дейилади хабарида.

 

Вазирлик юзага келган ҳодиса яқин атрофдаги аҳоли пунктлари учун хавф туғдирмаслигини маълум қилди.

 

Маълумот учун, 2025 йил 27 март куни мазкур қудуқда таркибида водород сулфиди юқори бўлган газнинг чиқиши қайд этилган эди. Экологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида қудуқ назорат остида ёқиб қўйилган. 22 апрель куни қудуқ ўқининг ғовланиб тушгани ва колонна чиқиб кетиши натижасида фонтанланиш тўхтаган. Ҳодиса жойида газнинг суст оқими (грифон) кузатилганди.

 

Аварияни бартараф этиш мақсадида ҳодиса жойида хориждан жалб этилган мутахассислар ҳам фаолият олиб бормоқда.

 

Хабарда ҳар бир ҳолат бўйича қўшимча маълумотлар бериб борилиши айтилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

Жамият

12:21 / 05.05.2025 0 12
Hafta davomida ayrim hududlarda yomgʻir yogʻishi mumkin

//