Россия армиясида Украинага қарши уришаётган ўзбекистонликларга тегишли тартибда чоралар кўрилади — ТИВ

Сақлаш
17:51 / 02.05.2025 7 0

Олдинроқ россиялик ҳарбийларнинг ихтиёрий равишда асирга тушишига кўмаклашувчи Украинанинг «Яшашни истайман» давлат лойиҳаси Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузган ва Украинага қарши жанговар ҳаракатларда қатнашган 1110 нафар Ўзбекистон фуқароси рўйхатини эълон қилган эди.

 

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг маълум қилишича, Ўзбекистон ваколатли органлари рўйхатда номи келтирилган мазкур фуқаролар ҳақидаги маълумотларни текширишни бошлаган.

 

Рўйхатда номи келтирилган фуқароларнинг жанговар ҳаракатларда иштирок этгани ҳақидаги маълумотлар тасдиқланса, уларнинг ватанга қайтиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Бурҳонов қуйидагича жавоб берган:

«Мамлакатдан ташқарида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш республика қонунчилигида тақиқланган. Тегишли чоралар кўрилади».

 

Маълумот учун, Ўзбекистонда икки фуқаролик тақиқланган.

 

Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистон расмийлари «Ўзбекистон фуқароларининг хориждаги ҳар қандай ҳарбий ҳаракатларга жалб этилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисида мунтазам равишда хабардор қилиб борилаётганини» билдирган.

 

Эслатиб ўтиш лозим, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

Жиноят кодексининг 154−1-моддасига кўра эса, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатлар ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача (112,5 млн сўм) миқдорида жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, хизматга ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишига сабаб бўлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//