«Сиртқи таълим замонавий талабларга жавоб бермайди» – Қўнғиротбой Шарипов

Сақлаш
17:15 / 01.05.2025 4 0

Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида сиртқи таълим шаклини қайта кўриб чиқиш зарурлигини маълум қилди.



Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда кўплаб талабалар ўқишни иш билан бирга олиб бормоқда ва сиртқи ёки кечки бўлимларда таҳсил олмоқда, бироқ бундай шакллар «замонавий талабларга жавоб бермайди».



«Дунёда бошқа ёндашувлар – масофавий, узайтирилган таълим қўлланиляпти. Яъни талаба дастурни тўрт йилда эмас, балки беш-олти йилда, ўзи учун қулай бўлган суръатда, фанлар ва ўқиш йилларини танлаган ҳолда ўташи мумкин», – деди вазир.



Унинг таъкидлашича, кадрлар тайёрлаш тизими бозор талабларига мос бўлиши керак.



Қўнғирбой Шарипов, шунингдек, ўтган йили президент мамлакат саноатини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун муҳандис кадрларни, айниқса ёшлар орасида тайёрлаш вазифасини қўйганини эслатди.



Шу муносабат билан апрель ойи «Муҳандислик ойлиги» деб эълон қилинди. Унинг доирасида учта – «Энг яхши ғоя», «Энг яхши лойиҳа» ва «Энг яхши ихтиро» номинациялари бўйича республика танлови ўтказилади. Унда талабалар, 40 ёшгача бўлган ўқитувчилар ва амалиётчи муҳандислар иштирок этиши мумкин.



Ғолиблар қимматбаҳо совғаларга эга бўлади:


биринчи ўрин учун – 9 та электромобиль;


иккинчи ўрин учун – ривожланган мамлакатларда (Италия, Германия, Жанубий Корея, Япония ва бошқалар) амалиёт ўташ;


учинчи ўрин учун – БҲМнинг 100 баравари (37,5 млн сўм) миқдорида мукофот.


Вазирнинг сўзларига кўра, танловга 2000 га яқин лойиҳа топширилган бўлиб, улардан 67 таси аллақачон ишлаб чиқаришга жорий этилган ва иштирокчиларнинг умумий сони 5 мингдан ошган.



Сиртқи таълимни масофавий таълимга ўтказиш масаласи сўнгги беш йил давомида муҳокама қилинмоқда. 2020 йилда Олий таълим вазирлигининг собиқ раҳбари Иномжон Мажидов сиртқи таълим 100 фоиз, кечки таълим 50 фоиз масофавий бўлишини таъкидлаганди. Бу ҳақда 2023 йилда вазирлик бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов ҳам маълум қилганди.
 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//