9 май муносабати билан «Янги авлодга хотира мактуби» марафони ўтказилади

Сақлаш
14:40 / 01.05.2025 11 0

 

Мудофа вазирлигининг 1 май куни ўтказган матбуот анжуманида «Янги авлодга хотира мактуби» марафони, урушга сафарбар қилинган ўзбекистонликлар ҳақида янги фактлар, байрам салюти ва мушакбозлиги, уруш фахрийларининг сони ҳақида маълумотлар берилди.

 

Анжуманд доирасида 9 май куни Тошкент шаҳрида Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган «Янги авлодга хотира мактуби» шиори остида 5 километр масофага югуриш мусобақаси бўлиб ўтиши маълум қилинди.

 

Югуриш мусобақаси пойтахтнинг «Биродарлик қабристони» ёдгорлик мажмуаси ва «Бунёдкор» стадиони ҳудудлари оралиғида ўтказилади. Унда 2000 нафар иштирокчини қамраб олиш ражалаштирилган.

 

Мазкур санага бағишланган югуриш мусобақаси ҳақида кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимларига маълумот бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида Мудофаа вазирлигининг навбатдаги матбуот анжумани ташкил этилди.

 

Унда мудофаа вазирининг ўринбосари генерал майор Хамдам Каршиев, Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи полковник Улуғбек Мамадалиев, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилнозахон Каттаханова ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари Боту Алимов спикер сифатида иштирок этди.

 

Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг қонли уруш бўлиб, унда 70 миллиондан ортиқ инсон ҳалок бўлган, шундан 27 миллиони жанг майдонларида жон берган. Ўзбекистон ушбу ғалабага салмоқли ҳисса қўшган – 6,5 миллион аҳолига эга республикамиздан 1 миллион 951 мингдан ортиқ инсон фронтга жўнатилган, улардан 538 минг нафари ҳалок бўлган.

 

Уруш даврида Ўзбекистон муҳим фронт орти марказига айланган. Бу ерда 280 та янги корхона барпо этилган, ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, республикамиз эса 1,5 миллиондан ортиқ эвакуация қилинганларни, жумладан, 250 минг етим болани бағрига олган.

 

Югуриш мусобақаси уруш қаҳрамонларига, уларнинг жасорати, мардлиги ва фидойилигига ҳурмат рамзи сифатида ташкил этилиб, иштирокчиларнинг ҳар бир қадами ўз ҳаёти эвазига авлодлар келажагини ҳимоя қилганларга бағишланади.

 

Таъкидланишича, бу мусобақа – шунчаки спорт тадбири эмас. Ҳар бир иштирокчи гўё фронтдан мактуб олиб келаётган «Хотира элчиси»га айланади. Бу югуриш – ўз ҳаёти эвазига келажакни ҳимоя қилганларнинг жасоратини улуғлаш, бугунги тинчликнинг қадрига етиш, янги авлодга тарихни эслатиш йўлидир.

 

Матбуот анжуманида махсус тарзда қайта кўриб чиқилган ҳарбий қайд варақалари асосида Ўзбекистон заминидан фронтга 1 миллион 951 минг нафар юртдошимиз сафарбар этилгани очиқланади. Бугунги кунда Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган фахрий 82 нафарни ташкил қилади. Уларнинг энг улуғи 114 ёшни қаршилаган.

 

Шунингдек, матбуот анжуманида спикерлар томонидан оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоблар берилди. Хусусан, тадбир дастури, унда иштирок этиш талаблари ва шартлари, шароитлар, махсус кийим, югуриш йўли бўйлаб ўрнатиладиган бадиий кўргазмалар, тантанали мусиқий дастурлар, шу билан бирга, биродарлик қабрлари ёнида Хотира деворининг ўрнатилиши каби жараёнлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.

 

Мусобақадан ташқари Мудофаа вазирлиги Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда «Янги Ўзбекистон» боғида 9 май куни соат тўққизда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам салюти ва мушакбозлигини ташкил қилиши хабар қилинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//