«Келажакда сайёҳлар оқимини 5 миллионга етказишни мақсад қилганмиз» – Шавкат Мирзиёев

Сақлаш
14:06 / 01.05.2025 11 0

 

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш, янги истиқболли режаларни белгилаш мақсадида Хоразм вилоятига ташриф буюрди.

 

Ҳозирги иқтисодий равнақ туфайли ишбилармонлик ташрифлари ҳам кўпаймоқда. Лекин Урганч халқаро аэропорти аҳоли ва меҳмонлар талабига тўла жавоб бермаяпти. У соатига 400 нафар йўловчига хизмат кўрсата олади, холос. Бу эса қатновларни кўпайтириш имконидан маҳрум қилмоқда. Шунинг учун бу аэропортни модернизация қилиш ва бошқарувга бериш кўзда тутилган.

 

 

Ташриф чоғида давлат раҳбарига ушбу лойиҳанинг бориши ҳақида ахборот берилди.

 

Бу борада 2024 йил 1 августда эълон қилинган очиқ тендер икки босқичда ўтказилиб, унда Франция, Корея, Туркия, Қатар каби давлатлардан саккизта компания иштирок этди. Якунда идоралараро тендер комиссиясининг қарори билан Корея Республикасининг Инчеон Интернатионал Аирпорт Cорпоратион компанияси ғолиб деб топилди.

 

Президент ушбу компания ва лойиҳа раҳбарлари билан суҳбатлашди.

 

Компания президенти Инчон халқаро аэропорти сиғими бўйича дунёда учинчи ўринда туриши, сервис бўйича етакчилардан бири эканини айтди. Урганч компаниянинг иккинчи аэропорти бўлишини таъкидлаб, уни янгилаш ва бошқариш режаларини маълум қилди.

 

Давлат раҳбари бундай илғор компания билан шерикликдан хурсандлигини таъкидлаб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикрларини билдирди.

 

«Хоразмда кўплаб замонавий меҳмонхоналар, дам олиш ва савдо марказлари барпо этаяпмиз. Келажакда сайёҳлар оқимини 5 миллионга етказишни мақсад қилганмиз. Буни аэропорт билан ҳамоҳанг қилсак, ўзаро манфаатли бўлади, даромад кўпаяди», – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Хорижий авиакомпаниялар билан ҳамкорликда самолётлар олиб келиб, ташувларни кўпайтириш бўйича фикр алмашилди. Ушбу шерикликдан фойдаланиб, сервис бўйича Корея тажрибасини ўрганиш, мутахассисларни ўқитиш ва малакасини ошириш зарурлиги таъкидланди.

 

Лойиҳанинг умумий қиймати 223 миллион АҚШ доллари бўлиб, унинг доирасида янги учиш-қўниш йўлаги, йўловчи ва юк терминаллари қуриш, «ICAO» талабларига жавоб берувчи ёритиш-сигнал қурилмалари ўрнатиш, махсус техникалар харид қилиш кўзда тутилган.

 

Қурилиш-реконструкция ишлари 2025-2027 йиллар давомида амалга оширилади. Буларнинг натижасида аэропорт Boeing 747 ва Airbus 350 каби йирик ҳаво кемаларини қабул қилиш имконига эга бўлади. Аэровокзалнинг умумий майдони 39 минг квадрат метрга етиб, соатига 1 минг 300 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қуввати яратилади.

 

Бундай замонавий инфратузилма орқали Хоразм аэропорти энг қулай йўналишлардан бирига айланади. Хоразмнинг хорижлик сайёҳлар учун жозибадорлигини оширишга ҳамда Ўзбекистон авиация соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшади.

 

Президентга бўлажак янги терминал лойиҳаси ҳам тақдимот қилинди. Шавкат Мирзиёев унинг ички ва ташқи қиёфасида миллий руҳни акс эттириш бўйича тавсиялар берди.

 

 

Шу ерда давлат раҳбари журналистлар билан ҳам мулоқот қилди. Хоразмга ташрифдан мақсад янги марраларни белгилаб, иқтисодиёт кўрсаткичларини янада ошириш, вилоятда яшаётган 2 миллиондан зиёд аҳолининг шароитини яхшилаш, иш ўринлари очиб, одамларнинг даромадини кўпайтириш экани таъкидланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//