«Йил ўқитувчиси» танловига энди 525 млн сўм пул мукофоти берилади

Сақлаш
15:58 / 29.04.2025 16 0

Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълим соҳаси ходимлари ўртасида «Йил ўқитувчиси» ҳамда «Касбий маҳорат етакчиси» танловларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.

 

Унга асосан, «Йил ўқитувчиси» ҳамда «Касбий маҳорат етакчиси» танловлари 2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ўтказилади.

 

«Йил ўқитувчиси» танловига номзодлар ўзлари дарс берадиган битта фандан, бошланғич синф ўқитувчилари эса бошланғич таълим йўналишида иштирок этади.

 

Иштирокчилар вазирликнинг махсус платформаси орқали рўйхатдан ўтади.

 

Бунда танлов уч босқичда ўтказилади:

▪️ биринчи босқичда — номзодларнинг мутахассислик фани, педагогик маҳорати ва касб стандарти бўйича назарий билимлари баҳоланади;

 

▪️ иккинчи босқичда — номзодларнинг педагогик маҳорати баҳолаш мезонлари асосида ҳакамлар ҳайъати ҳамда педагоглар томонидан баҳоланади. Бунда номзод ўтган дарснинг видеоёзуви баҳолаш учун махсус платформага жойлаштирилади;

 

▪️ учинчи босқичда — номзодларнинг маънавий-маърифий фаолияти ҳамда китобхонлиги баҳоланади.

 

Танлов якунларига кўра ҳар икки йилда бир марта октябрь ойида ғолиб деб топилган ҳар бир номзод реестри Вазирлик томонидан юритиладиган ҳамда Вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириладиган QR-кодли сертификат билан тақдирланади.

 

Ушбу сертификат асосида ғолибларга Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармасига қўшимча ажратилган маблағларни қайта тақсимлаш ҳисобидан БҲМнинг 1 400 бараварига тенг бўлган мукофот пули берилади(БҲМ ҳозирда 375 000 сўм х 1 400=525 000 000 сўм).

 

Бундан ташқари, педагогик маҳорат марказлари директорлари ўртасида «Касбий маҳорат етакчиси» танловида эса иштирокчиларнинг 4 та йўналиш бўйича фаолияти натижалари ўрганилади.

 

Булар:

▪️ ҳудудда таълим сифатини ошириш бўйича эришилган натижалар;

▪️ молиявий барқарорликни таъминлаш бўйича эришилган натижалар;

▪️ замонавий услубда таълим жараёнини ташкил этиш бўйича эришилган натижалар,

▪️ марказни тажрибали кадрлар билан таъминлаш ва замонавий бошқарув усулларининг жорий қилинганлиги.

 

Мазкур таблов ғолибларига ҳам БҲМнинг 1 400 бараварига тенг пул мукофоти топширилади.

 

«Танловлар ҳақида батафсил маълумот, янгиликларни вазирлик саҳифалари орқали бериб борамиз. Биз ушбу мегатанловларни адолатли, шаффоф, фахрий педагогларимиз, экспертлар ва жамоатлик вакиллари билан ҳамкорликда ташкил этамиз», дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//