Телебошловчи Ҳуснора Шодиева билан юзага келган ҳолатга муносабат билдирилди

Сақлаш
11:31 / 29.04.2025 5 0

16 апрель куни Тошкент шаҳар Нукус кўчасида Ҳуснора Шодиева бошқарувида бўлган Эқуинох автомобили йўлнинг 3 ва 4-қаторини ёпиб қўйиб, сунъий тирбандлик ҳосил қилган. Бу эса 4-қатордан ҳаракатланиши керак бўлган бошқа ҳайдовчиларнинг норозилигига сабаб бўлган.

 

Мазкур ҳудудда хизмат вазифасини олиб бораётган ЙПХ ходими автомобиль ҳайдовчисига тушунтириш бериб, олдинга ҳаракатланишни сўраган.

 

Ҳуснора Шодиева ушбу ҳолат бўйича кейинчалик ижтимоий тармоқларда чиқиш қилган. У «ЙПХ ходими нега уни ҳақоратлаганини ва унинг исмини билиш мақсадида орқага бурилиб қайтганида ходим кетиб қолганини» билдирган.

 

«Шунчаки ўз қаторимга ўтиб, яшил чироқ ёнишини кутаётган эдим. Шу пайт кимдир менга бақирганини эшитиб қолдим. Бошимни бурганимда у ерда ЙПХ ходими туриб, мени ҳақоратли сўзлар билан сўкаётган экан», деган телебошловчи.

 

Тошкент шаҳар ИИББ ҳолатга ойдинлик киритди. Муносабатда ушбу воқеа қатнашчиси бўлган ЙПХ ходими ҳеч қандай ҳақоратли гап айтмаганини, шовқинли жой бўлгани, йўлнинг нариги томонида тургани учун бақириб тушунтиришга ҳаракат қилганини айтди.

 

«Мусиқаси баланд ҳолда машина ичида рақсга тушиб ўтирган экан. Мен ишора берганимдан сўнг эътибор бериб, қаради. Мен мусиқангизни пасайтиринг, эшитмаяпсиз мени, юрсангизчи, дедим. Орамиздаги масофа узоқ бўлгани учун мен баланд гапиришга мажбур бўлдим. Шу орада светофор яшил ёниб, транспорт воситалари қўзғалиб, унинг транспорт воситаси ҳам қўзғалиб кетди. Мен томонимдан Эқуинох ҳайдовчисига нисбатан ҳеч қандай ҳақоратли гап ишлатилгани йўқ. Қонун доирасида хизмат олиб бордим», дея воқеани сўзлаб берди ЙПХ ходими.

 

Пойтахт ИИББ ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари ўтказилаётгани, якунига кўра қонуний қарор қабул қилинишини маълум қилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//