
Маданият
Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси томонидан инглиз тилида соддалаштирилган услубда ўзбек тилини нолдан ўргатувчи «Uzbek Language: Complete Self-Study Guide in 22 Lessons» номли қўлланма чоп этилди.
Хабарга кўра, дарслик грамматикани чуқурлаштирилган тарзда ўқитишга мўлжалланган бўлиб, қизиқувчилар у ёрдамида ўзбек тилини мустақил ўрганиши мумкин.
Китоб Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университети мутахассислари тавсияларини инобатга олган ҳолда тайёрланган.
Қўлланманинг кириш қисмида ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятлари, унинг ўзгариш босқичлари ҳамда ўзбек халқининг шаклланиш тарихи ҳақида ҳам сўз юритилган.
Дарсликнинг асосий қисмидаги 22 та дарслар мураккаб мавзуларни бошқа қўлланмалар каби алоҳида-алоҳида, тўлиқ тушунтиришга эмас, балки хорижий тилни ўрганиш учун энг зарур бўлган қоидалар ва конструкцияларни ўргатишга бағишланган.
Масалан, хорижликлар учун нисбатан мураккаблигини инобатга олиб, ўзбек тилидаги феъл замонлари, қабул қилинган стандартлардан фарқли равишда, инглиз тилига қиёслаб, содда кўринишда тушунтирилган.
Ҳар бир дарс сўнгида қисқа машқлар ва матнлар келтирилган. Бунда ўрганувчига юк бўлмаслиги учун машқлар сони кўпайтирилмаган.
Қўлланма охирида тил ўрганишни осонлаштирувчи қўшимча қисмлар ҳам киритилган.
Таъкидланишича, қўлланмада ўзбек тили шевалари ва уларнинг фарқлари тушунтирилган ҳамда унга халқ орасида ишлатиладиган, лекин адабий тилга киритилмаган баъзи кенг фойдаланиладиган ўзлашма сўзлар ҳам илова қилинган. Шунингдек, китобда ўзбек халқи орасида оммалашган шеър ва қўшиқлар киритилган бўлиб, улардаги мураккаб сўзларга бевосита шарҳлар ҳам берилган.
Китобда мустақил таржима қилиш учун Ўзбекистон ва унинг қадимий шаҳарлари, буюк тарихий шахслари тўғрисида қизиқарли маълумлар ҳам мавжуд.
Қўлланма сўнггида 2500 дан ортиқ фаол қўлланиладиган сўзлар асосида ўзбекча-инглизча луғат чоп этилган.
Хабарда ёзилишича, Элчихона ташаббуси билан нашрга тайёрланган мазкур китоб Мисрдаги кутубхоналар, ўзбек тилини ўрганаётган Қоҳира университети талабалари орасида тарқатилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали ўзбек тили ўқитиладиган хорижий университетларга ҳам қўлланмани етказиб бериш режалаштирилган.
Қайд этиш жоизки, мазкур қўлланма бошқа давлатлардаги ўқувчилар учун Америка, Европа ва Осиёдаги AMAZON платформаларида ҳам электрон ва рангли босма китоб шаклларида жойлаштирилган, «Google Books» ва «Google Play» платформаларида эса илова шаклида топиш мумкин.
Шунингдек, мазкур дарслик рус тилига ҳам таржима қилиниб, лойиҳа нусхаси «Узбекский язык: Полный курс за 22 урока» номи билан LITRES платформасида электрон шаклда мавжуд.
Ушбу қўлланма ҳозирда араб тилига ҳам таржима қилинмоқда», дейилади хабарда.
Жамият
Жамият
Жамият
Маданият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ