Башоратга қанчалик ишонсангиз, IQ даражангиз шунча паст бўлади – тадқиқот

Сақлаш
17:56 / 28.04.2025 34 0

Швециянинг Лунд университети олимлари гороскопларга ишониш безарар одат эмаслигини исботлади.

 

Personality and Individual Differences журналида чоп этилган тадқиқот астрологияга ишонч, ақл даражаси ва шахсий хусусиятлар ўртасидаги муносабатни ўрганишга қаратилган эди.

 

264 нафар иштирокчи қатнашган экспериментда респондентларнинг астрологияга ишонч ва ақл даражаси, шу билан бирга, шахсий хусусиятларини аниқлашга йўналтирилган онлайн сўровнома ўтказилган.

 

Албатта, тадқиқот натижаси кишини ҳайратлантиради. Маълум бўлишича, ақлий даражаси билан астрологияга ишонч ўртасида боғлиқлик мавжуд экан. Хусусан, тадқиқотда IQ синовидан юқори балл олган иштирокчилар астрологияга камроқ ишонишлари аниқланган. Бундан шундай хулоса чиқадики, юқори когнитив қобилиятга эга шахслар астрологик башоратларга камроқ мойил бўлади.

 

Аксинча, киши астрологияга қанчалик кучли ишонса, унинг интеллектуал салоҳияти шунчалик паст бўлади.

 

Ажабланарли томони шундаки, нарсистик хусусиятли инсонлар (ўзига қаттиқ ишонган, лекин танқидий фикрлай олмайдиган) астрологияга ҳаддан ортиқ ишонар экан. Исбот учун айтиш лозим, бундай одамлар тадқиқот сўровномасида юқори кўрсаткич қайд этган. Бу, эҳтимол, астрология ва нарсиссизм ўртасида қандайдир боғлиқлик борлигини англатар.

 

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, астрология зарарли кўринмаса ҳам, у танқидий фикрлашга путур етказиши, психологик гипнозлар ва фитна назарияларига мойилликни ошириши мумкин.

 

Хулоса қилинадиган бўлса, астрологияга бўлган ишонч кўпинча таълим даражаси паст бўлган одамларда кўпроқ учрайди. Бундай одамлар эса Барнум эффекти қурбони бўлади.

 

Эслатма! Астрология – астрономик ҳодисалар ва одамлар дунёсидаги воқеалар орасида алоқа бор, деган ишончлар мажмуи.

 

Эслатма! Барнум эффекти – бу, одам умумлашган шахс тавсифини айнан ўзига тегишли деб ҳисоблаши. Яъни бунда киши умумий ва ноаниқ таърифларни эшитаётган бўлсада, айтилган «хусусият»ларни ўзида кўради ва уларни шахсан ўзига тегишли деб ўйлайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//