Дунёда «эркаклар инқирози» жиддий ижтимоий муаммога айланиб бормоқда

Сақлаш
15:14 / 28.04.2025 9 0

Уоррен Фаррелл ва Жон Грей каби олимлар ўзларининг машҳур «The Boy Crisis» китобида бугунги ривожланган жамиятларда ўғил болалар тўртта асосий муаммо — таълим, руҳий-жисмоний саломатлик, оталикдан маҳрумлик ва мақсад «бўшлиғи» — бўйича қизлардан орқада қолаётганини тадқиқотларга таянган ҳолда (глобал статистика, клиник тадқиқотлар ва реал ҳаёт мисоллари билан) кўрсатиб берди.

 

Таъкидланишича, бугунги глобал жамиятда эркаклар, айниқса, ўғил болалар, бир қатор муҳим соҳалар(таълим, оилавий алоқалар, руҳий соғломлик, меҳнат бозори ва ижтимоий боғланиш)да ортда қолаётгани кузатилмоқда. Бу ҳолат «эркаклар инқирози» ёки «ўғил болалар инқирози» деб номланиб, тобора жиддий ижтимоий муаммога айланиб бормоқда.

 

Бунинг асосий сабаблари отасиз оилаларнинг кўпайиши, ўғил болаларнинг ўқув кўрсаткичлари пасайиши, эркаклар орасида ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичларининг юқорилиги, ҳаётий мақсадларнинг йўқлиги, рақамли технологияларга ҳаддан ташқари боғланиб қолиши ва дўстлик алоқаларининг камайиши кабилардир. Мазкур омиллар эркакларнинг жамиятда тутган мавқега салбий таъсир кўрсатмоқда.

 

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, таълим соҳасида глобал миқёсда ўғил болаларнинг ўқиш, математика ва фан соҳаларида минимал саводхонликка эришиш имконияти қизларга нисбатан 50 фоиз паст. PISA-2022 натижаларига кўра, 81 мамлакатнинг 79 тасида қизлар ўқиш саводхонлигида ўғил болалардан сезиларли даражада юқори натижалар кўрсатган.

 

Ўғил болалар ўқишни «қизлар иши» деб ҳисоблаб, бу фаолиятдан четланмоқда. Бундан ташқари, мактабларда эркак ўқитувчиларнинг камлиги ўғил болалар учун ижобий намуналар етишмаслигига олиб келмоқда.

 

Руҳий саломатлик соҳасида ҳам ташвишли ҳолатлар кузатилмоқда. Масалан, ўсмирлик даврида ўғил болалар орасида ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичлари қизларга нисбатан 6 баравар юқори бўлиб, отасиз ўсаётган болаларда ADHD(хулқ-атвор ва ақлий ривожланишнинг бузилиши), депрессия, гиёҳвандлик ва турли қарамликлар (айниқса видеоўйин ва қимор) кўпроқ учрамоқда.

 

Замонавий жамиятда эркаклар учун анъанавий «ҳимоячи ва таъминотчи» ролининг заифлашиши ҳам жиддий оқибатларга олиб келмоқда. Кўплаб ўғил болалар ўз шахсиятини шакллантириш ва ҳаётий мақсадларини белгилашда қийналяпти. Улар ким бўлиши ва ҳаётда қандай ўрин тутиши кераклигини аниқ билолмаяпти.

 

Китоб муаллифлари тенг васийлик (joint custody) сиёсатини рағбатлантириш, оталарнинг «Father Warrior» ролини ижтимоий эътироф этиш, ота-оналик вазифаларини ота-оналарга ўргатиш («dad-style» vc. «mom-style»), PISA ва бошқа тестларда орқада қолаётган ўғил болаларни қўллаб-қувватлаш учун рақобат, жисмоний фаолият ҳамда жамоавий мусобақага асосланган педагогика тизимини йўлга қўйиш, «қаҳрамонлик интеллекти»ни (оилани ҳимоя қилиш, жамоага хизмат қилиш) замонавий фаолиятларга боғлаш (STEM, ижтимоий тадбиркорлик, кўнгиллилик, руҳий саломатлик ва профилактика ишларни йўлга қуйиш жумладан ўғил болаларда мақсад ва мотивацияни мониторинг қилиш), «Father Figure Club» каби ташаббусларни амалга ошириш, ўғил болалар руҳий саломатлиги учун спорт-психологик марказлар, шунингдек, оталикни ўқитиш (dads' training) дастурларини жорий этишни тавсия қилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//