Қозоғистонда 9 май шарафига ўтказиладиган юриш тадбирлари тақиқланди

Сақлаш
09:49 / 28.04.2025 40 0

9 май шарифига ташкил этиладиган Россиянинг «Ўлмас полк»ига ўхшаш юришлар энди Қозоғистон шаҳарларида ўтказилмайди.

 

Маълум бўлишича, Олмаота маъмурияти тадбирни ўтказишдан бош тортган. Павлодар ва Петропавловск(рус тилида сўзлашувчи аҳоли улуши катта бўлган шаҳарлар)да эса расмийлар акцияни интернетда ўтказишни ва фронтчиларнинг фотосуратларини махсус LED-экранларга жойлаштиришни таклиф этган.

 

Масъул шахслар ўрнатилган тақиқ сабабини тадбир ўтказилиши режалаштирилган шаҳарларда бўш майдонлар йўқлиги билан изоҳламоқда.

 

Тақиқ қарори ўзгармаган. шу боис мамлакат фуқаролари бундай тадбирларни уюштирмасликка чақирилмоқда. Тақиқни четлаб ўтишга бўлган ҳар қандай уриниш рухсатсиз митинг сифатида баҳоланади ва бу жаримага тортиш, ҳибсга олиш ёки яна бошқа жазо чоралари қўлланилишига олиб келиши мумкин.

 

«Ўлмас полк»ни қўллаб-қувватловчилар аллақачон Қосим-Жўмарт Тўқаевга СССР байроғи билан мурожаат йўллаган. Улар ўзларини «ғалаба ворислари» деб атаб, совет рамзларида ҳеч қандай қинғирлик йўқлигини таъкидлаган.

 

«9 май куни Олмаота кўчалари бўйлаб «Ўлмас полк» намойиши ўтказилишини истаймиз, унинг муқобили Қозоғистонда «Ботирларга таъзим» деб аталади. Биз ушбу ватанпарварлик туйғуларини намойиш этишга рухсат беришлари учун президентга ва барча маҳаллий ҳокимият органларига мурожаат қилмоқдамиз», дейилади уларнинг мурожаатида.

 

Хабарда ёзилишича, улар ҳокимият вакилларини «антисоветчилар» деб атаган ва тақиққа қарамай юриш ўтказилишидан огоҳлантирган.

 

«Петропавловскда ўзларини «кўнгиллилар» деб атаётган одамлар пайдо бўлган. Улар қозоғистонликларни Россия рубли эвазига юришда қатнашишга жалб қилмоқда», деб ёзилади хабарда.

 

Айтилишича, қозоғистонликларнинг бундай юришларга муносабати айнан Украинага босқин туфайли ўзгарган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//