
Илм-фан
Янги Ўзбекистон университетида «Тил ва адабиёт таълими» журналининг махсус сони тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъул ходимлари, тилшунос ва адабиётшунос олимлар, нашриёт-матбаа соҳаси мутахассислари, «Йилнинг энг яхши материали» танлови ғолиб ва совриндорлари, ОАВ вакиллари ҳамда фаол ёшлар иштирок этишди.
1958 йилда илк бор рус тилида нашр қилинган журналда бугун ўзбек, инглиз ва рус тилларидаги материалларни ўқишингиз мумкин. Журналнинг кенг жамоатчиликка тақдим этилаётган махсус сонидан «Ўртоқ туркий алифбо: ўзбек ёзувига таъсири қандай бўлади?», «Навоийни ўқи(ма)ган болалар», «Китоблик муаллимнинг сири нимада?», «Қўлингдан келгунча чиқар яхши от», «Элбек тузган сўзлик», «Садди Искандарий» достонида форсий изофали конструкциялар», «Самарқанд» газетаси халқнинг кўзини очишга боис бўлди» сингари янги ва бошқа жойда топиб бўлмайдиган мақолаларни ўқишингиз мумкин.
Янгича дизайн, янгича шакл ва миллий руҳда нашр қилинган журналга, шунингдек, «Шоир ким?» рукни ҳам киритилган бўлиб, унда халқнинг ҳаққоний шоирлари, ёзувчилари, ўқитувчилари – зиёлилари ҳақида махсус мақолалар бериб борилиши кўзда тутилган.
Тадбирда сўзга чиққанлар журналдаги ушбу янгича руҳ бардавом бўлиши, халқимизга, ўқувчиларга манфаатли бўлиши борасидаги фикрлар-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Тақдимот давомида журнал томонидан ўтказилган «Йилнинг энг яхши материали» танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Танлов ғолиблари ва совриндорларига қимматбаҳо совғалар топширилди. Журнал масъулларининг сўзларига кўра, нашр бундан сўнг ҳам турли танловлар эълон қилиб, энг яхши материал эгаларини муносиб рағбатлантириб боради.
Якунда «Шоир ким» рукнининг илк қаҳрамони – Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг имзо вақти ўтказилди.
Журналнинг янги нашрлари нафақат зиёлилар, соҳадаги ўқитувчи ва ўқувчиларга, балки кенг жамоатчиликка, халқимизга етиб борсин ва севимли нашрига айлансин. Зеро, журнал бош муҳаррири Фаррух Жабборов айтганидек, «Тил ва адабиёт таълим билан тирик!»
Сиёсат
Жамият
Жамият
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ