
Маданият
“Бугунги ёшлар билан ҳамқадам, ҳамнафас бўлгим, режаларини яхшилаб англагим келади. Улар фурсатни бой бериб қўймасликларини жуда истайман. Одам вақтга жуда қаттиқ боғланган. Миллион-миллион ришталар билан чамбарчас боғланган. Вақт шакллантиради: қиёфани ҳам, қалбни ҳам. Ақлли одам вақтни бой бермайди. Вақтни бой берган ҳеч қачон ақлли бўлмайди. Ҳар ким ўзига савол берсин: мен вақт ичида қандайман – борманми, йўқманми? Бунга жавоб топган доим ютуқда.” Мазкур парча Ўзбекистон қаҳрамони Иброҳим Ғафуров ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил Шукур ижод дарди, ижодкор шахсияти, миллий тафаккур, жадидлар армони, вақтнинг баҳоси ҳақида суҳбат қурган “Мезбон битта: у бизни кузатади ва кутади” мақоласидан. Мақоланинг тўлиқ матни билан “Маънавий ҳаёт” журналининг 2025 йил 1-сонида танишинг.
“Ғурурли одам кибрли бўлмайди. Чунки у ўзгаларда ҳам ана шу туйғу бўлиши кераклигини билади ва ҳисобга олади. Бошқа этносларга паст назар билан қараш савиясизликнинг белгисидир. Айни вақтда ҳар қандай сабаб билан ҳам ўзига паст назар билан қараш қуллик психологиясига мойилликдан далолат.” Журналнинг “Мен маънавиятчи бўлсам...” рукнида педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев бугунги маънавиятчиларнинг қиёфаси қандай бўлиши керак ва вазифаси нима деган саволларга атрофлича: ёшлар эргашаётган “юлдуз”лар, ўзликдан ғурурланиш фазилати, замоннинг талаб-эҳтиёжи теграларида жавоб берган. Профессорнинг фикр-мулоҳазалари “Ғурур кибр эмас...” сарлавҳаси остида эълон қилинган.
“Инсайдер. Баъзи маҳаллий ва хорижий ОАВда “манба” ҳам дейишяпти. Бу унчалик тўғри эмас. Ўрисча “источник”нинг таржимаси. Асрлар давомида яшаб келаётган “хуфия”ни тирсаклаш адолатдан бўлмайди.” “Эшиклар очиқ, лекин...” мақоласида она тилимизга кириб келаётган ҳамда ўзлашаётган янги (чет) сўзлар ва уларнинг бисотимиздаги муқобили ҳақида мутахассисларнинг тавсиялари билан танишасиз.
Журналнинг кейинги саҳифаларида “Навоий ва Чўлпон: Кўк – Ер концепти” (Сувон Мели), “Юрак қаримайди...” (Жуманазар Бекназаров), “Аросатдаги фаросат” (Анвар Бобоев), “Мангуликка ўтган кунлар...” (Шодмонқул Салом), “Ширдоғ нима?” (Тўлқин Тоғаев) мақолалари, “Оддийлардан оддийроқ” (Миртемир қизи Гулнора билан) суҳбати, “Жума куни” (Қулман Очил) ҳикоясини ўқишингиз мумкин. Шунингдек, “Бедовлар юролмас йўлдан айрилса” (Қодир бахши насиҳатлари), “Сопол қушлар ва “sms”лар (Байрам Али), “Она қалбининг овози” (Абдураим Турсунов), “Тарозининг икки палласи” (Раҳмибой Жуманиёзов), “Тарбия ҳикматдир” (Муҳаммад Абдуллаев) мавзуларида сўз боради.
“Маънавият одамда эзгу одамийлик сифатлари борлигини кўрсатувчи тушунча. Маънавиятга эга одам ўзига муносиб кўрган нарсани бировга ҳам муносиб кўрадиган, ўзига муносиб кўрмаганни ўзгага ҳам лойиқ кўрмайдиган хислатларга эга бўлади. Шундай хислатларга эга бўлган одамлари кўпроқ жамиятда одамлар бир-бирига мададкор бўлса, маънавиятли кимсалар камчилик жамиятларда одамлар бир-бирига ёв бўлади.” “Ғурур кибр эмас...” суҳбатидан олинган ушбу парчани журналнинг мазкур сонига хулоса ўрнида келтирдик. “Маънавий ҳаёт”ни мутолаа қилинг, маънавиятли одам вазифасида бир-бирингизга мададкор бўлинг.
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ