Кредит гаровига тааллуқли янги қоидалар кучга кирди

Сақлаш
14:58 / 25.04.2025 28 0

2025 йил 22 апрель куни Президент томонидан имзоланган қонун билан кредиторларнинг гаровдаги мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, кредиторлар талабларини суддан ташқари тартибда қондириш тизимини ривожлантириш, мажбуриятларни гаровдаги мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштиришни назарда тутувчи бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

Бунда уларда қуйидагилар назарда тутилади:

▪️ кредит қарздорлиги суммаси гаров қийматининг 15 фоизидан кам бўлса ҳамда кредит тўловини кечиктириш кетма-кет 3 ойдан кам бўлса, ундирув гаров мулкига қаратилмайди;

 

Олдин ҳам кредит қарздорлиги миқдори жуда арзимас бўлганда ундирув гаров мулкига қаратилмаслиги қонунчиликда кўрсатилган эди, бироқ унинг миқдори аниқ белгиланмаганлиги сабабли бу норма амалиётда турлича талқин этилиб келинган.

 

▪️ тарафларнинг розилиги мавжуд бўлган ҳолларда, ундирувни гаровдаги мулкка қаратишни суднинг иштирокисиз амалга ошириш мумкин;

 

Ушбу ўзгартиришга қадар кредитдан қарздорликни қоплаш учун гаровдаги мулкни сотишга қарздор ва учинчи шахслар (масалан, турмуш ўртоғи) розилик берган тақдирда ҳам ундирув суд тартибида ҳал этилиши шарт эди.

 

▪️ «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунга кредитдан қарздорликни ундириш гаров мулкига қаратилганда, мулк аукционга бозор қийматида қўйилади;

 

Бу банк ва қарздорларнинг ортиқча оворагарчилигини, ундирув муддати асоссиз чўзилишини ва ортиқча суд харажатларини олдини олади.

 

▪️ Мажбурий ижро бюроси томонидан қарздорликни гаров ҳисобидан ундириш бўйича ишлар юридик шахсни иқтисодий суд томонидан банкрот деб топилганида ҳамда унга нисбатан тугатиш ишини юритиш жараёнида ҳам давом эттирилади.

 

Ўзгартиришлар Фуқаролик кодексига, шунингдек, «Гаров тўғрисида»ги, «Ипотека тўғрисида»ги ҳамда «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунларига киритилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//