«Биз уларнинг колонияси эмасмиз!» – Қудратхўжа ва Қодиров Россия ташқи ишлар вазирига муносабат билдирди

Сақлаш
18:20 / 23.04.2025 11 0

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Самарқандда Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўяётганида «Нега бу ерда ўзбекча ва инглизча ёзув бору, русчаси йўқ?» қабила айтган гаплари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси Бошқаруви раиси, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ҳамда «Миллий тикланиш» ДП МК раиси Алишер Қодиров ўз муносабатини билдирди.

 

Жумладан, Шерзодхон Қудратхўжа ҳар бир мамлакат ўзининг ҳудудидаги тарихий обида ёки ҳайкали атрофида қайси тилда ёзишини фақат ўзи ҳал қилишини таъкидлади.

 

«Четдан келиб, бошқа давлатнинг Ташқи ишлар вазири бизни танқид қилиши нотўғри. Зеро, биз уларнинг колонияси эмасмиз!» деб ёзди у ўз Telegram саҳифасида.

 

Шерзодхон Қудратхўжа, шунингдек, нега Ўзбекистоннинг Россиядаги мигрантлар дискриминация қилиниши, нимага уларга нисбатан маҳаллий ҳокимият, миграцион хизматлар ёки полиция томонидан оддий инсон ҳуқуқларини поймол қилувчи ҳолатлар қўлланилса, Россия жамоатчилиги ва давлат расмийлари жим туришини савол сифатида ўртага ташлар экан, «Бизнинг вазирлар ҳам Россияга борганда баъзи масалалар бўйича Лавров каби дадил савол беришни ўрганишлари керак, шекилли», деди.

 

«Сергей Лавров келиб, бизга «она тимсоли — муқаддас» эканлигини тушунтирмоқчи экан, оддий бир ёзувни бор йўқлигига диққат қаратаркан, биз ҳам унга «инсон ҳуқуқлари ҳам муқаддас» эканлигини диққат эътиборига солишимиз ва эслатишимиз керак.

 

Лавров Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг ҳамкорлиги тўғрисида ҳам гапирибди. Ким билан қандай алоқалар ўрнатишни ёки қай даражада ҳамкорлик қилишни давлатнинг ўзи ҳал қилади! Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Жумладан, Европа Иттифоқи билан ҳам ўзаро алоқалар даражасини Ўзбекистоннинг ўзи белгилайди. Бу давлатимизнинг ташқи сиёсати кўп векторлик эканлигини кўрсатади», дея муносабат билдирди «Халқаро пресс клуб» раиси.

 

Бундан ташқари, ушбу ҳолат ҳақида «Миллий тикланиш» ДП МК раиси Алишер Қодиров ҳам ўз саҳифасида қуйидагича ёзди:

 

«Рус сиёсатчилари Ўзбекистонда рус маданияти ва рус тилига бўлган муносабатни ёмонлаштириш учун ҳамма йўлларни синаб кўришмоқда.

 

Нега Ўзбекистонда ёшлар ҳеч ким эслатиб турмаса ҳам инглиз, немис, турк ва араб тилларини ўрганишга ҳаракат қиладилар?

 

Сўраб олинган ҳурмат ва ёлғон яратилган эҳтиёждан фақат тескари натижа бўлишини вазир Лавров билмаслиги мумкин эмас».

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//