
Жамият
Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Мансур Газиев Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаевнинг ноқонуний радарлар ҳақидаги хатига жавоб қайтарди. Унда ҳокимлик хизмат машиналари кўплаб қоидабузарлик содир этаётгани айтилган.
Вилоят ЙҲХБ бошлиғининг жавоб хатида Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаевнинг хизмат машинаси 47 маротаба қоидабузарлик содир этгани айтилади.
«Президентнинг 2018 йил 30 октябрдаги ПҚ-3989-сонли қарорига асосан 8 та чорраҳага, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 апрелдаги 232-сон қарорига асосан Наманган шаҳрида тадбиркорлик субъектлари томонидан 3 та чорраҳа ва 5 та тўғри йўл участкасига, президентининг 2022 йил 4 апрелдаги ПҚ-190-сонли қарорига асосан вилоят ҳокимлиги томонидан 6 та чорраҳа ва 5 та тўғри йўл участкасига йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник қурилмалари ўрнатилган.
Қурилмалар қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан чора кўриш ҳамда автомобиль йўлларида тартибли ҳаракатни таъминлаш орқали инсон хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтиришга хизмат қилмоқда.
Масалан, Наманган шаҳри, Давлатобод ҳамда Янги Наманган туманлари ҳудудидаги қурилмалар айнан йўл-транспорт ҳодисалари ўчоқлари ҳисобланган жойларга ўрнатилган бўлиб, бу йўналишларда 2024 йилда пиёдалар билан боғлиқ 156 та ЙТҲ содир этилган. Шундан 13 таси ўлим билан, 143 таси эса тан жароҳат билан якунланган. Оғир оқибатларга олиб келган ЙТҲларнинг 70 фоизи ҳайдовчиларнинг тезликни меъёридан оширганликлари оқибатида юзага келган. Жорий йилда эса тезликни қайд қилиш қурилмалари назорати сабабли мазкур йўналишларда ўлим билан якунланган ЙТҲлар содир этилмади», дейилади бошқарма жавоб хатида.
Шунингдек, вилоят ЙҲХБ Наманган шаҳар ҳокимлиги тасарруфидаги 50 020 ДАВ давлат рақам белгили Captiva машинаси 2024 йил ва жорий йилда жами 47 та қоидабузарлик содир этганини, 11 та ҳолатда 8 млн 170 минг сўм сўм муддати ўтган тўланмаган жарималар борлигини маълум қилган.
«Ҳокимликнинг бошқа транспорт воситалари томонидан (50 023 ДАВ, 50 024 ДАВ, 50 025 ДАВ, 50 028 ДАВ) жами 41 та қоидабузарлик бўйича 18 млн 750 минг сўм, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ҳокимликлари тасарруфидаги (50 074 ДАВ, 50 075 ДАВ, 50 016 ДАВ, 50 017 ДАВ, 50 019 ДАВ ва 50 022 ДАВ) транспорт воситалари томонидан жами 46 та қоидабузарлик бўйича 16 млн 307 000 сўм миқдорда муддати ўтган тўланмаган жарималар мавжуд экани аниқланди», дейилади Мансур Газиевнинг жавоб хатида.
Вилоят ЙҲХБ бошлиғи ҳокимдан Наманган шаҳар, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ҳокимликлари тасарруфидаги машиналар томонидан содир этилаётган сурункали қоидабузарликларни танқидий муҳокама қилишини ҳамда муддати ўтган жарималарни ундиришда амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.
Наманган шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Рахмонжон Мамадалиевнинг Кун.уз нашрига билдиришича, 50 020 ДАВ давлат рақам белгили Captiva хизмат машинаси сифатида шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаевга бириктирилган.
«Биз белгиланган талабларга зид равишда симёғоч, ёритиш ускуналари ва биноларга ўрнатилган радарларни олиб ташлашни сўрагандик. Сабаби ноқонуний ва талабларга зид ўрнатилган радарлар томонидан жарима келса буни суд орқали бекор қилдириш мумкин. Бу эса фуқароларни овора қилмоқда.
Ҳокимлик машиналарининг қарздорлиги белгиланган талабларга зид равишда ўрнатилган радарлардан келган. Биз судга бермасдан хат қилгандик. Қолганлари бўйича қарздорлик тўланган», деган шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари.
Ҳокимлик вакили ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилишини маълум қилган.
Аввалроқ Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаев Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Мансур Газиевга расмий хат билан мурожаат қилиб, белгиланган меъёрларга зид равишда ўрнатилган радарларни олиб ташлашни сўраган эди. Ҳокимнинг хатида ноқонуний ўрнатилган радарлар аҳолида норозилик кайфияти ортишига сабаб бўлаётгани таъкидланган.
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ