ДХХ томонидан коррупцион ҳолатлар аниқланди

Сақлаш
11:25 / 22.04.2025 10 0

Давлат хавфсизлик хизмати Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда бир қанча коррупцион ҳолатларни аниқлади.

 

Хусусан, пойтахтдаги туманлардан бирининг мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи мактаб ўқитувчисини мактаблардан бирига директор лавозимига тайинлаш эвазига ўз хизмат хонасида 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

 

Шунингдек, Тошкент вилоятида “Янгийўл” ТИФ божхона пости инспектори Қозоғистондан темир йўл орқали олиб кирилаётган буғдойни муаммосиз расмийлаштириш эвазига учинчи шахс орқали 2700 АҚШ доллари олган пайтда қўлга олинди. 

 

Самарқанд вилояти Жомбой тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи 1988 йилда туғилган фуқаронинг турар-жойини хусусий боғчага айлантириш учун ёнғин хавфсизлигига доир ижобий хулоса ва раҳнамолик бериш эвазига 200 АҚШ доллари олган пайтида ушланди.

 

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида эса Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи маҳаллий МЧЖга каръер фаолияти учун экологик хулоса ва “Наквойсой” ҳудудидан тош-шағал қазиб олишга рухсат бериш ҳамда келгусида кўмаклашиш эвазига 2 минг АҚШ доллари олган ҳолда қўлга тушди. 

 

Юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, мансабдорларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//