Номоддий маданий меросни сақловчилар рағбатлантирилди

Сақлаш
15:16 / 15.04.2025 16 0

Президент қарори билан Маданият вазирлигига ноёб ва (ёки) йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган номоддий маданий мерос (НММ) намуналарини сақловчи шахсларни аниқлаш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

 

Мазкур топшириқ асосида биринчи босқичда Маданият вазирлиги томонидан 20 нафар номоддий маданий мерос намуналарини сақловчилар аниқланиб, улар билан ҳамкорлик ўрнатилган.

 

Белгиланган мезонлар асосида юқори баҳоланган шахсларга ҳар ойда Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан 5 млн сўм миқдорида моддий рағбат пули ажратилиши кўрсатилган.

 

Ушбу ташаббус ҳозирда амалиётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий тадқиқот институтида ноёб ва (ёки) йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган анъанавий билимлар ва амалий кўникмаларни асраб-авайлаб келаётган 9 нафар сақловчиларнинг фаолияти муносиб баҳоланди ва рағбатлантирилди.

 

Улар ўз ҳудудларида асрлар давомида шаклланган ва бугунги кунда йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган анъаналарни тиклаш, ёш авлодга етказиш ва кенг жамоатчиликка тарғиб этиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда.

 

Тақдирлаш маросимида мазкур мерос сақловчиларга ўзбек миллий меросини сақлаш ва ривожлантириш борасидаги хизматлари учун Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан икки ойлик рағбатлантириш маблағлари тантанали тарзда топширилди.

 

Таъкидланишича, бундай ёндашув, шубҳасиз, номоддий маданий мероснинг асраб-авайланиши, оммалаштирилиши, тарғиб этилиши, узлуксиз узатилиши ва кенг жамоатчиликка етказилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//