
Жамият
Москвадаги Губкин (нефть ва газ) университетининг Тошкент филиалида таҳсил олувчи талабанинг (исми Муҳиджон) «ҳар ҳафта кекса авлод вакили Россиянинг жасур қўшинлари ҳақида сўзлаб бериши» ҳақида айтган гаплари ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Унинг сўзларига кўра, энди ҳар ҳафта университетда талабаларга маърузалар ўқилмоқда.
«Биз, Ўзбекистон фуқароларининг ёш авлодига ҳам уруш таъсир қилди. Энди ҳар ҳафта университетда бизга маърузалар ўқишмоқда, уларда кекса авлод вакили бизга «СВО» («махсус ҳарбий операция» — таржима) ва Россия Федерациясининг жасур қўшинлари ҳақида сўзлаб беради. Мен ҳануз дин ишлари бўйича марказ ходимининг иқтибосини эслайман: «Мен қадимги православ рус маданиятининг ташувчиси сифатида Россия Федерацияси қўшинлари сатанистларга қарши курашаётганини таъкидлайман». Бу — сафсата, бу — бемаънилик. Украинадаги урушга биз — мустақил Ўзбекистон ёшларининг қандай алоқамиз бор?», дея унинг сўзларини келтиради Газета.uz.
Филиал раҳбарияти мазкур хабарга ўзининг расмий муносабатини билдирар экан, мурожаатда номи тилга олинган шахс филиал талабалари таркибида мавжуд эмаслигини маълум қилди.
Шунингдек, муносабатда мурожаатда келтирилган дарс жараёнларидаги «тарғибот ишлари» ҳақидаги маълумотлар асоссиз эканлиги, яъни улар ҳақиқатга тўғри келмаслиги айтилади.
«Филиалда таълим жараёни белгиланган ўқув режаси ва фанлар дастури асосида ташкил этилган», дейилади ОТМ муносабатида.
Филиал маъмурияти оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликка доимо тайёр эканини билдирар экан, ОАВ ва жамоатчилик вакилларидан тасдиқланмаган, бир томонлама маълумотларни тарқатмасликни ҳамда расмий манбаларга таянишни сўраган.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ