Мьянмада ночор ҳолда қолган ўзбекистонликлар қутқарилди

Сақлаш
10:33 / 14.04.2025 20 0

Фото: Дунё АА

 

Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонаси Мьянмада одам савдоси қурбони бўлган ўзбекистонликларни ўз оиласи бағрига қайтишида амалий ёрдам кўрсатди.

 

Хабарга кўра, Ўзбекистон фуқаролари – М.С. ва Б.В. Мьянмада одам савдоси қурбони бўлганликларини билдириб, ватанга қайтишда ёрдам сўраб Бош консулхонага мурожаат қилган.

 

Маълум бўлишича улар Таиландга интернет орқали юқори маошли иш таклиф қилинганидан сўнг етиб келган. Бироқ мамлакатга келгач алданиб, ноқонуний равишда Мьянмага олиб кетилган ва у ерда одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлига топширилган.

 

Қурбонлар Мьянмада ноқонуний марказларда ишлашга мажбур қилинган. Ноқонуний ҳаракатларни амалга оширишдан бош тортган фуқароларга жисмоний зўравонлик ва таҳдидлар қўлланилган. Жиноий тўда уларнинг озод этилиши ва ватанига қайтиши учун катта миқдорда пул талаб қилган.

 

Бундан ташқари, 8 нафар Қирғизистон ва 4 нафар Қозоғистон фуқароси ҳам Мьянмада худди шундай вазиятга тушиб қолгани ойдинлашган. Таиландда Қирғизистоннинг дипломатик ваколатхонаси йўқлиги инобатга олиниб, Қирғизистон томонининг илтимосига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатлари ушбу фуқароларни ўз ватанига қайтаришни ташкил этишда ёрдам кўрсатган.

 

Мьянма ва Таиланд ваколатли органлари билан келишилган ҳаракатлар ва музокаралар натижасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари Маесот (Таиланд) чегара ўтиш пунктида озод қилиниб, Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатларига топширилган. Озодликка чиққанлар вақтинчалик уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминланган.

 

11 апрель куни Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Таиланддаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида 2 нафар Ўзбекистон, 4 нафар Қозоғистон ва 7 нафар Қирғизистон фуқароси ўз оиласи бағрига муваффақиятли қайтарилган.

 

Қирғизистоннинг бир фуқароси соғлиғи билан боғлиқ ҳолда тиббий муассасада даволаниш учун вақтинча Таиландда қолган. Унинг ватанига қайтиши даволаниш курси тугаганидан кейин ташкил этилади.

 

«Бу ҳолат мамлакатларимиз ўртасидаги қардошлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари хорижда ҳам самарали ҳаётга татбиқ этилаётгани, одамларга реал ёрдам кўрсатишда амалий ифодасини топаётганининг ёрқин мисолидир», дейилади хабарда.

 

Ўзбекистоннинг Бангкокдаги Бош консулхонаси фуқароларни хорижда ишга жойлашиш бўйича таклифларни кўриб чиқишда ҳушёр бўлишга ва ахборот манбаларининг ишончлилигини синчковлик билан текширишга чақирмоқда.

 

Бош консулхона, шунингдек, ватандошларга Таиланд, Камбоджа, Мьянма ва Лаосда ишга жойлашиш бўйича консуллик ёрдамини кўрсатишга тайёрлигини билдирган.

 

#якдилминтақа #бирдамлик

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//