“Ёлғоннинг ёнида турмайлик”, “Бобур нега Навоийга эътироз қилган?”, “Акутагава “дастрўмол”и” – “Тафаккур” журналининг янги сонида нималарни ўқиймиз?

Сақлаш
17:59 / 11.04.2025 27 0

Қуш қанотсиз парвоз қила олмагани каби илм-фан ҳам академик эркинликсиз тараққий этмайди. Академик эркинлик олий таълим ва илмий муассасалар ходимлари, прфессор-ўқитувчилар ҳамда талабаларнинг тафаккур, тадқиқот ҳурлигини англатади. Янада аниқроқ айтсак, олимлар, толиби илмлар илмий-ижодий фаолиятда ҳокимият, сиёсий гуруҳларнинг тақиқу таъқибидан, умуман, ҳар қандай назоратдан омонда бўлмоғидир. Назаримизда, наинки илм-фан ва таълим соҳалари, балки бутун жамият равнақи учун академик эркинлик сув билан ҳаводек зарур.” “Ҳалоллик маслаги, қаноат матлаби” суҳбатида илм-фанда академик эркинлик, юртдан чиқиб кетаётган “олтин қўл” ва “олтин бош”лар, маҳаллийчилик, шахс сифатида етилмаслик, ижоддаги мантиқ ҳақида сўз боради. Адабиётшунос олим Дилмурод Қуронов билан бўлган суҳбатнинг тўлиқ матнини “Тафаккур” журналининг 2025 йил 1-сонида ўқинг.

 

“Радикализм – психологик террор усулидир. Радикал ҳаракатлар инсонлар онги, маънавияти ва дунёқарашига таъсир кўрсатиш орқали ўз  мақсадини рўёбга чиқаришга уринади. Турли кайфиятдаги инсонлар, айниқса, ёшларни оғдириш, улар онгини заҳарлаш, дунёқарашини ўзгартириш, давлат ва жамиятга нисбатан норозилик уйғотиш орқали барқарорлик издан чиқарилади.” Юқорида келтирилган парча Сарваржон Ғафуровнинг “Ғулув ҳалокатга етаклар” мақоласидан олинган. Унинг тўлиқ матни билан журнал саҳифаларида танишасиз.

 

“ХХ аср дунёда буюк ўзгаришлар ва кашфиётлар асри бўлиши билан бирга, мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам хавфлироқ тус олгани ила тарих саҳифаларидан жой эгаллади. Файласуфларимиз ХХI аср бундан-да мураккаб кечишини эсдан чиқармаслиги лозим. Негаки, инсон қалби ва онги учун кураш авж олган ҳозирги даврда бир ҳудуд ё мамлакатда пайдо бўлаётган ғоя, мафкуралар қисқа муддатда бутун ер юзига ёйилмоқда.” Журналнинг “Шарқу ғарб фалсафаси” рукнида Исматилла Тўхтаровнинг “Уйғонаётган фалсафа” мақоласини ўқийсиз. Унда миллий мерос, қадрият, ўтмиш сабоқлар ва келажакнинг ортга суриб бўлмас вазифалари ҳақида сўз боради.

 

Журналнинг кейинги саҳифаларидан “Жиноят жазосиз қолганда” (Тўлқин Алимардон), “Ўзидан ўзган – тушовларни узган” (Виктор Алимасов), мақолалари, “Инсонга қуллуқ қиладурман” (Асқад Мухтор) ҳикояси, “Бедилдан бир чўғ олдим” (Эшқобил Шукур) шеърий туркуми ҳамда “Қорга кўмилган шолғом” (Обид Қўлдош) этюдлари, “Сўздан яралган мўъжизалар” (Рустам Жаббор) мутолааси ўрин олган. Журналнинг талқин ва тадқиқотлар рукнида “Тараққиёт тилсимини излаб” (Бахтиёр Омонов), “Глобаллашув: лисон ва инсон” (Улуғбек Саидов), “Термизий ҳақми ё Фароғий” (Шерхон Қораев), “Меҳри қаҳридан устун ҳукмдор” (Шаҳло Ахророва) мақолалари эълон қилинган.

 

Бу йил таваллудига 150 йил тўлган жадид аждодимиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Миллатнинг тараққийиға бир неча сабаблар бўлиб, туб сабаби уламо ила ағниёнинг ҳамият ва ғайратларидур...” фикри журналнинг иқтибос саҳифасида келтирилган. Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлганимиз: “Тафаккур” мутолааси маънавий террорларга иммунитетингизни мустаҳкамлайди, миллат тараққиётига ғайратингизни уйғотади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//